Ўзбекистон Бош прокуратураси қўлга олинган 14 нафар кишидан икки нафарига июль ойи бошида Қорақалпоғистонда юз берган оммавий тартибсизликлар бўйича айблов қўйилганини маълум қилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш») билан иш қўзғатилган.
Тажимуратов Д.М. ва Турданов А.Т.ларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айблов эълон қилинди. Уларга нисбатан суднинг қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бош прокуратура хабарида 1 июль куни халқаро ташкилотлар ва қатор элчихоналарга «Қорақалпоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси таркибидан тинч йўл билан чиқиши тўғрисида» референдумни ташкил этиш ва ўтказишда ёрдам бериш сўрови билан мурожаат қилган журналист, Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллихонова ҳам тилга олинади.
«Қаллыханова Л.О.нинг ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари аниқланди. У жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланди», — дейилади хабарда.
Бош прокуратура Терговга жалб этилган фуқароларнинг шаъни ва қадр — қиммати ҳурмат қилиниши, қийноқ, зўравонлик, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр — қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўйилмаслиги қатъий назоратга олинганини таъкидлайди.
«Гумон қилинувчи ва айбланувчиларга ҳимоя ҳуқуқи тўла таъминланган ҳолда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, сақлаш жойларида қонунда назарда тутилган барча шароитлар таъминланган. Соғлиғи ва сақлаш шароитлари бўйича эътирозлари мавжуд эмас», — дея якунланади хабар.
Бундан олдин Нукусдаги оммавий тартибсизликлар факти бўйича Бош прокуратура томонидан нафақат 159-модда 4-қисми, балки бир қатор бошқа моддалар билан ҳам иш қўзғатилгани хабар қилинганди. 1 ва 2 июль кунлари воқеа жойида 516 киши қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилган ва қўйиб юборилган.
Нукусдаги норозиликларнинг тезда тартибсизликларга айланиб кетишига Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетига доир ўзгартиришлар киритилиши сабаб бўлди. Тартибсизликлар чоғида, расмий маълумотларга кўра, 18 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар ҳам яраланган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга етиб келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини айтганидан сўнг тартибсизликлар тўхтаган.
Суверен республикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат, шунингдек комендантлик соати жорий этилди. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси яна ўн кунга, 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди.