Қорақалпоғистон Республикаси пойтахтида «Нукус технопарки» ташкил этилади, бу ҳудуд саноат тармоғини жадал ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳудудига айланиши керак. Бу ҳақда президентнинг 6 июль куни имзоланган қарорида сўз юритилади.
Технопарк «Нукус» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида – ун комбинати ва «Нукус-полимер» корхонаси оралиғидаги 30 гектар бўш ерни эгаллайди.
Қарорда Технопарк фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
👉 юқори қийматга эга бўлган, ташқи бозорда харидоргир ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий ва маҳаллий инвестицияларни кенг жалб қилиш;
👉 халқаро стандартларга мувофиқ энергия тежамкор, атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратилган ва экологик хавфсиз ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш;
👉 ҳудудларнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланиш орқали экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш;
👉 Технопарк иштирокчилари ўртасида ва бутун республика миқёсида мустаҳкам саноат кооперацияси алоқаларини ўрнатиш орқали маҳаллий хом ашё ва материаллар асосида юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш;
👉 Технопарк иштирокчилари учун ягона ишлаб чиқариш инфратузилмасини, шунингдек, сертификатлаш, лаборатория, кадрлар тайёрлаш ва бошқа зарур хизматларни кўрсатиш инфратузилмасини яратиш.
2023-2024 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Технопаркнинг муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун марказлаштирилган молиялаштириш манбалари ҳисобидан капитал қўйилмалар лимитлари ажратилади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги иқтисодий фаол, салоҳиятли ишлаб чиқарувчи корхоналарни Технопарк ҳудудига жалб қилишга масъул ҳисобланади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган сайловолди ташвиқотида Қорақалпоғистонни ривожлантиришга кейинги беш йилда 43 триллион сўм (4 миллиард доллар) ажратишга ваъда берганди. Бу маблағлар ҳисобидан, хусусан, «Нукус Сити» бизнес марказини қуриш, чорвачиликни ривожлантириш жамғармасини шакллантириш, саноатнинг турли тармоқларида ўн минглаб иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Жумладан, халқ таълимида 90 минг, қишлоқ ва сув хўжалигида 70 минг, саноат соҳасида 76 минг янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.