Андижон вилоятида 37 киши фастфуддан заҳарланди

Қўрғонтепа юқумли касалликлар шифохонаси. Kun.uz сайти фотосурати

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида одамларнинг фастфуддан оммавий заҳарланиш ҳолати юз берди. Шифохонага шикоят билан 37 нафар фуқаро мурожаат қилди, деб хабар беради Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш хизматининг Telegram-канали.

Қўрғонтепа туман юқумли касалликлар шифохонасига 6 июль куни тушда 16 ёшли ўсмир заҳарланиш аломатлари билан мурожаат қилган. У касалхонага ётқизилган. Суҳбат чоғида шифокорлар бир кун аввал маҳаллий Fresh Food 2020 умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида нон-бургер сотиб олганини аниқладилар. Кечга яқин яна 16 киши шу каби аломатлар билан касалхонага ётқизилган. Соат 23:00 га келиб заҳарланганларнинг умумий сони 37 нафарга етган.

Барча беморларнинг ошқозони ювилган, бошқа зарур терапевтик чоралар кўрилган. Уларга «ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилган. 6 июлга ўтар кечаси беморларнинг аҳволи қониқарли бўлган. Улардан 17 нафари даволанмоқда, қолганлари шифокорлар назоратида. Беморлар орасида 2 ва 7 ёшли икки бола ҳам бор, уларнинг аҳволи алоҳида назоратда.

Fresh Food 2020 филиалида эпидемиологик тадқиқотлар ўтказилди. Корхонанинг яна учта филиали иши тўхтатилган. Мутахассислар ошхона ва омборхонадан намуналар олиб, Қўрғонтепа туман санитария-гигиена лабораториясига таҳлил қилиш учун юбориган.

Оммавий заҳарланиш факти бўйича прокуратура томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси («Санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган.

Ўзбекистонда фастфуддан оммавий заҳарланиш тез тез содир бўлиб туради. Жумладан, 2018 йили бир қанча шунга ўхшаш ҳодисалар қайд этилган.

Май ойида Андижон вилоятида 1500 га яқин киши кафеда музқаймоқдан заҳарланиб, улардан 200 нафари касалхонага ётқизилган эди. Текширув натижасида кафе эгасига икки йиллик синов муддати билан беш йил шартли жазо тайинланди.

Октябрь ойи охирида Самарқанднинг Сартепа массивидаги бозордан сотиб олинган хот-доглардан ўнлаб киши заҳарланган эди. Кейинчалик маълум бўлишича, фастфуд сотувчиси ноқонуний ишлаган, унинг дўкони санитария-гигиена меъёрларига жавоб бермаган. Унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, савдо нуқтаси ёпилган, маҳсулотлар йўқ қилинган.

2019 йил июнь ойида Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги Oqtepa Lavash умумий овқатланиш шохобчасида 15 киши товуқли сендвичлардан заҳарланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ