Ўзбекистон ТИВ: Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар юзасидан тергов шаффоф ва холис ўтади

Makan.uz Telegram-канали фотосурати

Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари содир бўлган тартибсизликлар юзасидан тергов шаффоф ва холис ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

«Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ҳамда адолатли суд кафолатини таъминлаш тарафдоридир. Тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотларга етказилади», — дейилади ТИВ баёнотида.

Аввалроқ Amnesty International, Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Тошкентни Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан шаффоф ва мустақил тергов ўтказишга чақирган эди.

Ўзбекистон ТИВ баёноти айрим оммавий ахборот воситаларида ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар манбаларида «Нукус воқеалари бўйича турли тахминлар ва ишончсиз хабарлар» тарқалишига муносабат сифатида тақдим этилди.

«Гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали «тинч митингни тарқатиш», жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали «мустақил овозларни ёпиш ва ахборот оқимини тўсиш» ҳақида асоссиз баёнотлар берилмоқда», — деди ТИВ Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ҳақида «батафсилроқ ва холис маълумот» бериш қарорини асослаб бераркан.

Баёнотда 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш содир этилгани айтилади.

«Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди.

Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачилик, беқарорлик ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди.

Душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар. Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди», — дейилади ТИВ баёнотида.

Вазирлик маълумотларига кўра, оммавий вайронгарчилик ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.

Ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлари олдилар.

Тартибсизликлар пайтида 18 киши ҳалок бўлгани эслатилади. Миллий гвардия маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида тўрт нафар ҳарбий хизматчи ҳам бўлган. Ҳалок бўлган 14 нафар тинч аҳолидан 13 нафари спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган.

«Тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас», — таъкидлайди.

«Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятни куч билан қўлга киритиш, айирмачилик ғояларини тарғиб қилиш, аҳоли ўртасида ўзаро нафратни қўзғатиш, оммавий тартибсизликлар ва зўравонликка чорлашга қаратилган ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларни қатъий қоралайди», — дейилади баёнотда.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр энеригяси, газ ва сув мунтазам равишда етказиб берилмоқда.

Ўзбекистон тегишли давлат органлари ҳар куни жамоатчиликни Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида хабардор қилиб бормоқда.

«Шу муносабат билан, мазкур мавзу юзасидан маълумотлар йўқлиги ҳақидаги баёнотлар асоссиздир», — дейилади баёнотда.

Вазирлик барча оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни Қорақалпоғистонда содир бўлаётган воқеаларга холисона ёндашишга, турли ишончсиз манбаларга асосланган шошилинч хулосалар ва бирёқлама баёнотларга йўл қўймасликка чақирди.

«Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот, шу жумладан инсоннинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолмоқда», — дея якунланади ТИВ баёноти.

6 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистондаги нотинчликларни бузғунчи ташқи кучлар йиллар давомида тайёрлаб келганини айтди. У ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдираркан, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Эслатиб ўтамиз, Нукусдаги норозиликларга Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистонни суверенитетдан маҳрум қилишни назарда тутувчи бир неча ўзгартиришлар киритиш таклифи сабаб бўлганди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга етиб келиб, мазкур тузатишлар бекор қилинишини айтганидан сўнг тартибсизликлар тугади.

Суверен республикада 3 июлдан 2 августгача фавқулодда ҳолат, шунингдек комендантлик соати жорий этилди. 4 июль куни Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар киритиш лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси яна ўн кунга, 15 июлга қадар узайтирилишини эълон қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ