АҚШ Ўзбекистонни Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан шаффоф тергов ўтказишга чақирди

Нукусдаги ҳарбийлар. Kun.uz сайти фотосурати

Қўшма Штатлари Ўзбекистон расмийларини Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари содир этилган оммавий тартибсизликларни бостириш пайтида расмий маълумотларга кўра 18 нафар одамнинг ҳаётига зомин бўлган фожиали воқеалар юзасидан «тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов» ўтказишга чақирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс 5 июль куни берган баёнотида АҚШ ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

«Қўшма Штатлар Қорақалпоғистондаги сўнгги воқеалардан хавотир билдиради ва барча томонларни бу кескинликни тинч йўл билан ҳал қилишга ва зўравонликдан тийилишга чақиради», — дейилади ҳужжатда.

Қўшма Штатлар ҳам Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Биз ҳукуматни инсонларнинг барча асосий ҳуқуқларини, жумладан, тинч йиғилишлар ва ўз фикрларини билдириш ҳуқуқларини халқаро мажбуриятлар ва Ўзбекистоннинг мажбуриятларига мувофиқ ҳимоя қилишга чақирамиз. Биз расмийларни содир бўлган зўравонликлар устидан халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини изчил қўллаб-қувватлайди, дейилади Давлат департаменти баёнотида.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Қорақалпоғистонда очиқ ва мустақил тергов ўтказишга чақирган эди. Европа Иттифоқи баёнотида, шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонни суверенитетдан маҳрум қиладиган Конституцияга киритилиши кўзда тутилган ўзгартиришларни бекор қилиш тўғрисидаги қарори қўллаб-қувватланган.

Ўзбекистон расмийларининг хатти-ҳаракатлари бошқа давлатлар раҳбарлари томонидан ҳам, асосан, суверен республикадаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни бостириш нуқтаи назаридан қўллаб-қувватланди. Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон, Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотларида ушбу мавзу кўтарилган. Улар Қорақалпоғистондаги фожиали воқеаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирганми ёки йўқ, бу ҳақда давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабарларида айтилмаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ