Фарғонанинг «Нефтчи» футбол клубига тожикистонлик мутахассис Виталий Левченко бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда клубнинг расмий сайтида хабар берилди.
Виталий Левченко Илҳом Мўминжонов ўрнига «Нефтчи» бош мураббийи этиб тайинланди. Клубнинг Левченко билан шартномаси бир ярим йилга мўлжалланган. Келишувнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.
Sports.tj хабарига кўра, Левченконинг мураббийлар штабига тожикистонлик мутахассислар Анвар Норқулов, Фарруҳ Бердиев ва Владимир Ежуров киритилган бўлиб, улар аввалроқ «Рубин»да Қурбон Бердиев ва «Остона»да Андрей Тихонов билан бирга ишлаган.
Ўтказилган 13 та ўйиндан сўнг «Нефтчи» ҳисобида атиги 11 очко бор. Жамоа Суперлиганинг 14 клуби орасида 13-ўринни эгаллаб турибди ва мавсум якунида олий дивизионни тарк этиш хавфи бор. Июнь ойи охирида Фарғона вилояти ҳокими ва вилоят футбол федерациясининг вақтинчалик раҳбари Хайрулло Бозоров жамоа раҳбариятини қониқарсиз натижалар, жамоавий руҳ йўқлиги учун танқид қилганди. Натижада Фарғона шаҳар ҳокими Василжон Назаров клуб президенти этиб тайинланди. Кейинроқ жамоа бош мураббийи Мўминжонов ҳам ишдан бўшатилди.
Левченконинг сўзларига кўра, унинг асосий вазифаси жамоани «кўтариш»дир.
« «Нефтчи» бой тарих ва анъаналарга эга. Клуб обрўсини тиклаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак. Жамоани иккинчи даврага тайёрлаш режаларимиз бор. Бу режаларни тўлиқ амалга ошириш учун жиддий ва масъулият билан ҳаракат қилишимиз керак. Энди нима қилиш ва қандай позицияларни мустаҳкамлаш ҳақида жиддий ўйлашимиз лозим. Жамоани тубдан яхшилаш учун масъулиятни чуқур ҳис қиладиган малакали футболчилар керак», — дейди мутахассис.
Виталий Левченко асли хўжандлик ва маҳаллий футбол мактаби тарбияланувчиси. Футболчи сифатида у Украинанинг «Динамо» ва ЦСКА (иккаласи Киев), Симферопол Таврия, Россиянинг «Волгар» (Астрахан), «Спартак» (Кострома), «Динамо» (Ставропол), Урал (Екатеринбург) жамоаларида, шунингдек, Хитойнинг «Чаньчунь Ятай» клубида ўйнаган. Тожикистон терма жамоаси сафида ўнта ўйин ўтказган.
Левченко Украинанинг «Книяжа» (Бориспол вилояти), «Еднисть» (Чернигов вилояти), «Десна» (Чернигов) клубларига устозлик қилган, Украина ёшлар терма жамоасида, Тожикистон ва Самара терма жамоаларида, «Крыльях Советов»да ёрдамчи мураббий, тожик «ёшлари», Ҳисорнинг «Баркчи» клубида бош мураббий бўлиб ишлаган.
Левченконинг сўнгги иш жойи 2020 йил февралида у раҳбарлик қилган Душанбенинг «Истиқлол»и бўлди. Унинг қўл остида жамоа икки марта Тожикистон чемпионлигини қўлга киритди ва 2021 йили тарихда илк бор ОФК плей-офф босқичига чиқди. Левченко шу йилнинг июнь ойида жамоани тарк этганди.