Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддатини 15 июлга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
«Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича аҳоли ва фуқаролик жамияти институтларидан 57 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганини маълум қилади матбуот хизмати.
«Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, умумхалқ муҳокамасининг дастлабки кунларида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан келиб тушган таклифлар кунига 700 га яқинни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, уларнинг сони кунига 10 мингга етмоқда. Ушбу рақамлар умумхалқ муҳокамаси аҳолининг мазкур сиёсий жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ошиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда», — дейилади хабарда.
Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳаза билдиришда фуқароларнинг фаоллиги ортиб бораётгани, келиб тушаётган таклифлар сони тобора ошаётганлиги умумхалқ муҳокамаси муддатини узайтириш заруратини юзага келтирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа Ўзбекистон Конституциясининг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, 16 та янги нормани жорий этувчи 6 та янги моддани киритишни назарда тутади. 25 июнь куни лойиҳа «Бу менинг Конституциям» (ўзбек ва рус тилларида) порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида эълон қилинди. Муҳокама 5 июлга қадар якунланиши керак эди.
Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган оммавий норозилик намойишларидан сўнг, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалар ўзгаришсиз қолишини айтди. Унга кўра, лойиҳа мамлакат фуқароларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари асосида якунланади, сўнгра референдумга қўйилади.