Мирзиёев Тошкентда «Янги Ўзбекистон кўчаси» бизнес маркази қурилишини маъқуллади

Тошкентдаги Янги Ўзбекистон кўчаси реконструкцияси лойиҳаси, апрель. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тошкентда «Янги Ўзбекистон кўчаси» бизнес маркази қурилади. Шу ҳақда мамлакат президенти 30 июнь куни қарор имзолади.

Янги бизнес марказини қуриш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари ҳамда Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида тоифасини «шаҳар ва аҳоли пунктлари ерлари»га ўзгартирган ҳолда 241,93 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ажратилади.

«Янги Ўзбекистон кўчаси» ҳудудида хизмат кўрсатиш объектлари, савдо-кўнгилочар мажмуалари, истироҳат боғлари ва кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш дирекцияси «Янги Ўзбекистон кўчаси» бизнес марказини қуриш ва ундан фойдаланиш дирекцияси деб ўзгартирилади. Дирекцияга республика ҳудудида замонавий Business City ишбилармонлик марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳаларда назарда тутилган барча имтиёзлар берилади.

Худди шу номдаги истироҳат боғига олиб борадиган Янги Ўзбекистон кўчасининг ўтган йил баҳорида жиддий реконструкция қилингани ҳақида хабар берилган эди. Яқинда бу ерда кўприк ва университет қурилган. Келгусида кўча бўйлаб меҳмонхоналар, кинотеатрлар, ресторанлар, турар-жой биноларидан иборат замонавий мажмуалар қуриш режалаштирилган. Лойиҳачиларнинг фикрига кўра, биноларда 1,7 миллион квадрат метр савдо ва хизмат кўрсатиш жойлари бўлади. Улар негизида 14 минг иш ўрни яратилади.

Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари сингари Тошкентда ҳам сўнгги йилларда қурилиш жадал суръатлар билан бормоқда. Асосий лойиҳа «Ташкент Сити» 2019 йил охирида якунланди. Бизнес марказлари ва турар-жой мажмуаларини қуриш жараёни кўпинча фуқароларни ўз уйларидан мажбуран чиқариб юбориш билан боғлиқ жанжаллар билан кечди.

2021 йил август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йирик қурилиш лойиҳалари бундан буён пойтахтнинг ўзида эмас, Тошкент вилоятида амалга оширилишини маълум қилган эди. «Биз энди Тошкентда қурмаймиз, Тошкентни яшил ҳудудга айлантирамиз», — деди давлат раҳбари.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ