Россия суди тожикистонлик фуқарони ИШИД аъзосига 3000 рубль ўтказгани учун 9 йилга ҳукм қилди

build-experts.ru сайти фотосурати

Ростов-Дондаги Жанубий округ ҳарбий суди тожикистонлик Файзали Халимхоновни «Ироқ ва Шом ислом давлати»* (ИД* ёки ИШИД*)ни молиялаштирганликда айблаб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Лента.ру» суд матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Судда аниқланишича, Волгоградда бўлган Халимхонов тақиқланган ташкилот аъзоси ҳисоб рақамига уч минг рубль ўтказган. Халимхонов ўз айбига иқрор бўлганми ёки уни алдашганми, бу ҳақда тафсилотлар берилмаган. У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205.1-моддаси («Террорчилик фаолиятига ёрдам бериш») билан айбдор деб топилган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатнинг бир неча минг фуқароси хорижда ИШИД томонида жанговар ҳаракатларда қатнашган. Ушбу террорчи гуруҳ Тожикистоннинг ўзида ҳам ўз тарафдорларининг фаоллигини бир неча бор эълон қилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).