29 июнь куни Ўзбекистонда илк бор синтетик дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
«Мазкур воқеа республиканинг замонавий нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш саноати ривожида янги технологик босқич ҳисобланади ҳамда ушбу кун Ўзбекистонда илк бор синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани учун рамзий маънода тарихий кун ҳисобланади», — дейилади компания хабарида.
Uzbekistan GTL заводида янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Биринчи партия – беш минг тонна Навоий кон-металлургия комбинатига жўнатилади.
Июнь ойи ўрталарида Uzbekistan GTL Ўзбекистонда нефт-кимё саноати тарихида синтетик нефтнинг биринчи партиясини ишлаб чиқарди. Синтетик дизель ёқилғиси, реактив ёқилғиси, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш учун ишлатилади.
Синтетик ёқилғи ишлаб чиқарувчи заводи (GTL жараёни газдан суюқликка ўтиш демакдир) – Uzbekistan GTL 2021 йил 25 декабрда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида ишга туширилди. У Қашқадарё вилоятининг 135 гектар майдонини эгаллайди. Дунёда атиги тўртта шундай йирик комплекс бор — Қатар, Нигерия, ЖАР ва Малайзияда.
Қурилиш қиймати 3 миллиард 420 миллион долларни ташкил этган мазкур завод йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газ ишлаб чиқариш қувватига эга. У йилига 307 минг тонна самолёт ёқилғиси, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқаради.