Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида Маданий-гуманитар ҳамкорлик, туризм ва спорт масалалари бошқармаси ташкил этилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Янги бўлинма Ўзбекистон Республикасининг белгиланган йўналишлар бўйича ташқи сиёсий вазифаларини амалга ошириш, цивилизацияларнинг глобал мулоқотида Ўзбекистоннинг фаол позициясини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини илгари суришда мувофиқлаштирувчи ўрин тутади.
Жумладан, бошқарма:
👉 хорижий музей фондлари, архивлари ва коллекцияларида сақланаётган Ўзбекистоннинг миллий маданий ва илмий меросларини излаб топиш, қайтариш, шу жумладан асл нусъҳаларнинг дубликатларини олиш орқали қайтаришда иштирок этади;
👉 ўзбек тили, маданияти, тарихи, адабиётини хорижда ўрганиш ва тақдим этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади;
👉 талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, олий ўқув юртлари ўртасида ва академик шартномалар ҳамда меморандумлар тузиш чораларини кўради.
«Янги бошқарма фаолиятида «юмшоқ куч», халқ, маданий ва спорт дипломатияси воситаларидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият берилади», — дейилади ТИВ хабарида.
Вазирнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчиси Анвар Абдухалимов бир вақтнинг ўзида Маданий-гуманитар алоқалар, туризм ва спорт масалалари бошқармаси бошқарма бошлиғи этиб тайинланди.