Сурхондарёда «неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси» топилди

Сурхондарё вилоят хокимлиги матбуот хизмати фотосурати

Сурхондарё вилоятида археологлар эрамиздан аввалги 100-40 минг йилликларга оид қадимий одамнинг деярли табиий сақланган турар жойини топдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Неандертал одамининг яшаш жойи Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудидаги Хатак ғоридан топилган бўлиб, уни 2021 йили Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази докторанти Холиёр Ойназаров петроглифларни қидириш чоғида аниқлаган. Археологлар ғорни ўрганишни шу йилнинг июнь ойида бошлаган.

«Қазишма давомида вертикал қоянинг юзасида 15–20 м баландликда ҳосил бўлган ва кириш жуда қийин бўлган ушбу ғорда тош қуроллар, ёввойи ҳайвонларнинг майдаланган суяклари билан бирга милоддан аввалги 100-40 минг йилликка оид неандертал одами ҳаётининг тўлиқ ва бузилмаган манзараси (кул, думалоқ ўчоқ қолдиқлари) сақланиб қолганлиги аниқланди», — дейилади вазирлик хабарида.

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази бош илмий ходими, археолог Рустам Сулейманов ва Австралиянинг Гриффет университетининг Инсон эволюциясини тадқиқ этиш маркази палеонтологи Жулиен Луис томонидан қазишма ишлари давом эттирилмоқда.

Ғорнинг маданий қатламини ўрганиш ва ғорда яшаган одамларнинг ДНКсини излаш учун олимлар палеонтология ва палеогеографиянинг замонавий усулларидан фойдаланадилар.

Туризм вазирлиги хабарида ғорга кириш жойини шиша ойна ёки темир панжара билан тўсиш, бу ерда яшаган қадимги одамларнинг палинология, палеогеография ва эҳтимол сақланиб қолган генетик меросини ўрганиш мақсадида ғорнинг маданий қатламини замонавий усуллар орқали ўрганиш, неандертал одамининг ибтидоий ҳаёти билан танишиш учун келган сайёҳлар ва Хатак археология музейига ташриф буюрувчилар учун ғор олдига тўсиқлар билан ўралган ва зинапоялар билан жиҳозланган баланд ёғоч ёки металл майдонча қуриш ҳақида сўз юритилади.

«Ғорнинг фан учун аҳамиятли томони шундаки, Сурхондарё вилоятининг нафақат тоғли Бойсун тумани, балки Шеробод тумани ҳам илк инсонлар макони сифатида ўз исботини топди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Бойсун туманида машҳур Тешик-Тош ғори мавжуд бўлиб, унда 1930 йилларнинг охирида совет археологи Алексей Окладников ибтидоий Мустери маданияти ўрни ва дафн этилган 8-9 ёшли неандертал боланинг суяк қолиқларини топган эди. Бу топилма олимларнинг келажакда қатор муҳим кашфиётлар қилишига имкон берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ