Зарафшон яссилигида Ўзбекистондаги энг катта ёпишқоқ нефть ва битум кони топилди. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Янги конлар Sanoat Energetika Guruhi (SEG) ва Kontiki-Exploration компанияоари томонидан очилган ва бу ерга «Янги Ўзбекистон» номи берилди.
Коннинг битумли нефть захиралари деярли 100 миллион тоннага баҳоланмоқда. Бу ерда 2025 йилга келиб битумли нефтни максимал йиллик қазиб олиш даражаси 1 миллион тоннани ташкил этадиган 1500 та қудуқ қазиш режалаштирилган.
Биринчи қудуқни бурғулаш ишлари 2021 йил 15 майда бошланган. Бу иш Самарқанд ва Навоий вилоятлари чегарасида олиб борилмоқда, қудуқларининг чуқурлиги 400 метрдан 750 метргача. Бурғилаш жараёнида алб, сеноман ва турон даврига оид шағалтош ва қумтош қатламлари топилган. Уларнинг барчаси ёпишқоқ нефть ва битумга тўйинган бўлиб чиқди.
«Янги Ўзбекистон» кони Марказий Осиёдаги энг юқори технологияли конларидан бирига айланиши кутилмоқда. Яқин 12 йилда уни ўзлаштириш учун 2,5 миллиард доллар сармоя киритиш режалаштирилган.
Углеводородларни ишлаб чиқариш учун SEG бир қатор халқаро нефть конлари хизматларини кўрсатувчи компанияларни лойиҳага жалб қилди, жумладан:
▶️ McDANIEL (Канада) – геологик тадқиқотлар, технологияларни танлаш, ривожланиш стратегияси ва техник-иқтисодий асослаш;
▶️ BYIS Manufacturing (АҚШ) – қудуқларни буғли тозалаш технологияси, саноат буғини ишлаб чиқариш;
▶️ O’NEILL Industries (АҚШ) – қудуқларни буғ цикли билан ишлов бериш технологияси, у карбонат ангидрид, азот ва сирт фаол моддалар билан биргаликда буғ ҳосил қилиш ва қуйишни таъминлайди;
▶️ GenOil (Канада) – итумли мойни «синтетик» нефтни қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш, технология лицензиати;
▶️ Energy and Engineering (Россия) – битумли нефтни «синтетик» нефтга қайта ишлаш технологиясининг асосий лойиҳаси;
▶️ Veraton I.T.C. (Россия) – водород термобарокимёвий таъсир қилиш технологияси;
▶️ Қозон Федерал университети (Россия) — ядровий петрофизик тадқиқотлари, ички қатлам ёниш технологиясини ишлаб чиқиш.
Sanoat Energetika Guruhi бош директори Шокир Файзуллаев коннинг очилиши компаниянинг 2030 йилга бориб нефть қазиб олишни 1,6 миллион тоннага етказиш стратегиясининг бир қисми эканлигини таъкидлади.
«Бугунги кунда ишлаб чиқаришни йилига 425 минг тоннадан 500 минг тоннагача оширишга эришдик. «Янги Ўзбекистон» конини ўзлаштириш бу кўрсаткичнинг сезиларли даражада ошишини кафолатлайди. Шундай қилиб, Ўзбекистон яқин келажакда импорт қилинадиган хомашёни қисқартириши ва ўз хомашёсидан қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин», — дея тушунтирди Файзуллаев.
«Саёз чуқурликда нафақат энг йирик кон, балки янада чуқурроқ ковлаб суюқ нефтни топиш мумкин бўлган янги нефть майдони ҳам топилди», — дейди Kontiki-Exploration директори Сергей Астахов.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда «углеводородларни излаш ва топиш зарур» бўлган бир қанча истиқболли тоғлараро ва тоғ олди пастликлари мавжуд.
2018 йил июль ойида Ўзбекистон Давлат геология қўмитаси мамлакатдаги фойдали қазилмаларнинг потенциал қиймати 5,7 триллион долларни, ҳозирда ўрганилган захиралар қиймати қарийб 1 триллион долларни ташкил этишини маълум қилган эди. Бироқ, мамлакат ҳудудининг асосий қисми ҳали бу борада ўрганилмаган, шунинг учун янги конларни очиш эҳтимоли юқори.