Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ва Eriell Group компанияси кўмагида Мазайзиянинг Куала-Лумпур шаҳридаги Ислом санъати музейида сақланаётган Ал-Бухорий жамғармасининг ўзбек ноёб коллекциясига бағишланган китоб нашр этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти хабар берди.
Китоб ноёб артефактларнинг фотосуратларидан иборат альбомдан иборат. Булар: ўрта асрлардаги Бухоро ва Самарқанднинг манускриптлари, Бухоронинг тилла заргарлик буюмлари, ўзбек хонликлари аҳолисининг машҳур абр матолари ва кийим-кечаклари намуналари, шунингдек, мусулмонлар ренессанси (IX–XII асрлар) Самарқанд (Афросиёб) ва Бухоро хонлиги (XVIII аср) даврида яратилган кулолчилик буюмларидир.
«Альбомда ушбу тўпламнинг энг ёрқин қисми – Ўзбекистон шаҳарларида яратилган Қуръонлар ва қўлёзмалар, кулолчилик буюмлари, қурол-яроғлар, қимматбаҳо буюмлар ва тақинчоқлар, нумизматика тақдим этилади. Альбомда тақдим этилган энг нодир артефакт VII–VIII асрларга оид сўғдиёна шойи чопондир», — дейилади хабарда.
Шунингдек, альбомда XII–XIII аср бошларига тегишли энг қадимий қўлёзмалардан бири- Ал-Журжонийнинг «Ад-Заҳира ал-Хоразмшоҳия» ёки «Хоразм шоҳи хазиналари» асари ҳам тақдим этилади. Қўлёзма хоразмшоҳлар пойтахти- Хивада яратилган бўлиб, бу сулола тарихига бағишланган.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Конгресси доирасида бебаҳо ўзбек коллекциясига бағишланган китоб-альбомнинг тақдимоти бўлиб ўтади.
ℹ️ Малайзия Ислом санъати музейи Куала-Лумпурдаги энг йирик музейлардан бири ҳисобланади. У 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, пойтахт марказида, Миллий масжид яқинида ислом меъморчилиги услубида қурилган тўрт қаватли бинода жойлашган.