Хусусий компанияларга электр энергиясини чакана савдо қилишга рухсат берилади

Vedtver.ru сайти фотосурати

2023 йили Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр энергиясини чакана сотувчи хусусий компаниялар пайдо бўлади. Бу ҳақда 23 июнь куни электр энергетикаси корхоналарини трансформация қилиш масалаларига бағишланган йиғилишда таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Компаниялар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга муқобил бўлиб, соҳада рақобатни яратишга ёрдам беради.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг электр энергиясини сотиб олиш ва магистрал тармоқларни бошқариш бўйича ваколатларини тақсимлаш режалаштирилмоқда.

«Ягона харид қилувчи компания барча электр станцияларидан электр энергиясини шартнома асосида сотиб олиб, йирик корхона ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига сотади. Магистрал тармоқ оператори эса электр энергиясини етказиб бериш, йўқотишларни камайтириш ва энерготизимни техник бошқариш билан шуғулланади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Энергетика тизимини модернизация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжларини тўлиқ қондириш учун келгуси йилларда 20 миллиард долларга яқин инвестиция талаб этилади.

Йиғилишда 2019 йил март ойида тасдиқланган Ўзбекистон электр энергетикасини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганидан сўнг соҳадаги ўзгаришлар қайд этилди.

Хусусан, собиқ «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамияти негизида электр энергияси ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва сотиш бўйича 3 та алоҳида тузилма ташкил этилди. 7 миллион истеъмолчи Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиб, аҳолидан тўлов ундириш 100 фоиз таъминланмоқда. Генерация соҳасида жами 7 миллиард долларлик 19 та қуёш, шамол ва иссиқлик электр станциялари қуриш бўйича лойиҳаларга хорижий инвесторлар жалб қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев қуйидаги топишириқларни берди:

👉 тармоқ раҳбарларига трансформация жараёнини жадаллаштириш, корхоналарни молиявий соғломлаштириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қила оладиган компанияларга айлантириш;

👉 Соҳа корхоналарининг операцион харажатларини оптималлаштириш, электр узатиш тармоқларини янгилаш;

👉 ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлаш бўйича дастур ишлаб чиқиш.

Май ойида Энергетика вазирлиги бозор механизмлари асосида шакллантирилмаган аҳоли учун амалдаги тарифлар энергетика соҳасини ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани, истеъмолчилар эҳтиёжларини қоплаш ва сармояларни кўпайтириш имконини бермаётганини таъкидлаган эди. Бутун мамлакат бўйлаб «ижтимоий норма» тизимини жорий этишга қарор қилинди: аҳоли маълум миқдорда энергия учун чегирмали тариф бўйича тўлайди, бу меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган барча нарса бозор нархида тўланади.