Ўзбекистон ва Озарбайжон икки давлатда ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва рағбатлантириш мақсадида қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этишга келишиб олди. Бу ҳақда 21 июнь куни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиевнинг музокаралари якунлари бўйича Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган тор доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари икки мамлакатнинг нефть-газ, газ-кимё, тўқимачилик, фармацевтика, виночилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида саноат ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, транспорт коммуникациялари соҳасида ҳамкорлик қилиш, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма бизнес ва маданий тадбирлар ўтказиш, туристлар алмашинувини кўпайтириш масалалари кўтарилди.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида жадал мулоқотни давом эттириш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Кенгайтирилган таркибдаги музокарада Шавкат Мирзиёев ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, нефт-кимё, фармацевтика, агросаноат каби қатор лойиҳаларни амалга ошириш муҳокама қилинди. Маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилиш учун Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳудудида жойлашган эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, томонлар қуйидагиларни келишиб олдилар:
👉 Транспорт коммуникациялари тизими, жумладан, «Боку-Тбилиси-Карс» темир йўлидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида келишиб олинди. Ўзаро савдо ва юкларнинг транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида транспорт вазирлари бошчилигида махсус ишчи гуруҳ тузилади.
👉 ипакчилик кластерини яратиш, пахтачилик соҳасидаги лойиҳаларни илгари суриш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш бўйича йўл харитасини келишиб олиш.
👉 Яқин келажакда икки давлат пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўртасида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш. Мирзиёев жорий йилда Тошкентда биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказишни таклиф қилди.
👉 туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, махсус дастур қабул қилиш ва қўшма сайёҳлик ярмаркаси ўтказиш.
👉 Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий ўқув юртлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш.
Музокаралар якунида қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Озарбайжон президентининг давлат ташрифи Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги янгиланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланди. Сўнгра мартабали меҳмон ўзбекистонлик ҳамкасби билан биргаликда «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
22 июнь куни Илҳом Алиев Хивага ташриф буюриб, у ерда қадимий шаҳарнинг тарихий обидалари билан танишади.