Республика тез тиббий ёрдам марказининг очилиши кузга кўчирилди

xs.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Республика тез тиббий ёрдам маркази ташкил этилишини маъқуллади. Соғлиқни сақлаш вазирлигига Молия ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан биргаликда 1-сентябрга қадар Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг штат нормативларини тасдиқлаш топширилди. Май ойида Марказ 1 июлдан иш бошлаши ҳақида хабар берилганди.

Тез тиббий ёрдам хизмати ва тиббиёт парклари негизида ягона вертикал бошқарув тизимига эга Марказ ва унинг филиаллари ташкил этилади.

Марказнинг вазифаларига Ўзбекистоннинг барча 14 та ҳудудида тез тиббий ёрдам кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш киради. Унинг ҳудудий бўлимлари тез тиббий ёрдам ходимлари, махсус автомашиналар, дори-дармонлар, сарф материаллари ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланади.

2023 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиқиб, ҳудудларда тез тиббий ёрдам бошқарувининг электрон автоматлаштирилган тизимини жорий этиш топширилди. Марказнинг барча филиалларида ягона call-марказлари очилади. Уларда:

👉 чақирувларни қабул қилувчи ходимлар билан бирга шифокор ходимлардан иборат махсус тиббий маслаҳат хизмати фаолияти ташкил этилади;

👉 раҳбар лавозимларига IT-парклардаги иқтидорли ёшлар орасидан муносиб номзодлар тайинланади;

👉саралаш орқали бемор аҳволи, касаллик тури ва оғирлик даражасига қараб чақирувларга тегишли тиббий бригадаларни йўналтириш тизими жорий этилади;

👉тез тиббий ёрдамнинг туман (шаҳар) ёки ҳудуд чегарасидан қатъи назар беморгача масофанинг яқинлигига қараб тиббий бригадани йўналтириш йўлга қўйилади.

Вилоят ҳокимликларига йил охиригача 10 мингта кўчага ном беришни якунлаш бўйича топшириқ берилди (номларнинг йўқлиги чақирув бўйича кетган тез ёрдам бригадаларининг кечикиши сабабларидан биридир).

Жаҳон банкининг шошилинч хизматларни ривожлантириш лойиҳаси доирасида тез ва шошилинч тиббий ёрдамни рақамлаштириш учун 5 миллион доллар ажратилади, яна 85 миллиард сўм (7,7 миллион доллар) Вазирликнинг Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2022 йил якунига қадар мавжуд ўринлар ва штат бирликлари доирасида:

➡️ марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги ўринлари педиатрия, терапия ва хирургия бўлимлари таркибига ўтказилиб, беморларни касалликнинг оғирлик даражаси бўйича саралайдиган (триаж) туну-кун ишлайдиган шошилинч қабул бўлимларини;

➡️ Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудий филиаллари ҳамда барча туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида шошилинч қабул бўлимларини;

➡️ Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 1-сон, Яшнобод туманидаги 4-сон, Юнусобод туманидаги 7-сон шаҳар клиник шифохоналари ҳамда Учтепа туманидаги Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси таркибида алоҳида юридик мақомга эга бўлмаган туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш топширилди.

Бундан олдин Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш соҳасини қуйидаги еттита йўналиш бўйича ислоҳ қилиш дастурини ишлаб чиққани хабар қилинганди:

👉 аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш ва тиббиёт муассасалари тармоғини кенгайтириш;

👉 шошилинч тиббий ёрдам тизимини ривожлантириш;

👉 тиббиёт муассасаларидаги шароитларни яхшилаш,

👉 соҳа ходимларини моддий рағбатлантириш,

👉 шифохоналарни малакали кадрлар билан таъминлаш,

👉 соғлом турмуш тарзига эътибор бериш,

👉 касалликнинг олдини олиш.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ