HRW БМТни Тоғли Бадахшон бўйича Тожикистон расмийларидан изоҳ олишга чақирди

Тоғли Бадахшонга кираверишдаги белги. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) БМТ Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммадни Тожикистонга ташрифи чоғида Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) содир бўлган сўнгги воқеалар чоғида инсон ҳуқуқлари бузилгани бўйича маҳаллий ҳокимиятлардан тушунтиришлар олишга чақирди. Тегишли баёнот HRW сайтида эълон қилинди.

Амина Муҳаммад 5—12-июнь кунлари Марказий Осиё мамлакатларига ташриф буюради. У 6-9 июнь кунлари Тожикистонда бўлиб ўтадиган сув бўйича халқаро конференцияда БМТ раҳбари номидан иштирок этади.

HRW БМТ Бош котиби ўринбосарининг Марказий Осиёнинг бешта давлати етакчилари билан учрашувларида инсон ҳуқуқлари масалалари кўтарилиши лозимлигини, чунки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, хавфсизликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми эканлигини таъкидлади.

«Минтақада жиддий инсон ҳуқуқлари муаммолари мавжуд, жумладан, хавфсизлик кучлари томонидан тинч аҳолининг ўлдирилиши, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг ҳибсга олиниши, сўз ва йиғилиш эркинлигининг чекланиши, аёллар ва озчиликлар ҳуқуқларининг чекланиши», — дейди Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.
Амина Муҳаммад. Okay.ng сайти фотосурати

Тожикистонда, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, БМТ Бош котиби ўринбосари ҳукуматни май ойидаги намойишларни бостириш чоғида ўнлаб маҳаллий аҳолининг ҳалок бўлишини текширишга чақириши керак. HRW баёнотида ҳалок бўлганлар сони камида 40 киши эканлиги таъкидланиб, келажакда бундай вазиятларда хавфсизлик кучларининг вазминлик кўрсатиши «ўта муҳим» экани таъкидланган.

«Муҳаммад хоним ишончли далиллар йўқлигига қарамай, май ойи ўрталарида Тоғли Бадахшонда норозилик намойишларини қўзғатганликда айбланиб ҳибсга олинган таниқли журналист ва фаол, 65 ёшли Улфатҳоним Мамадшоевани озод қилишга чақириши керак», -деди Уилямсон.

Минтақадаги бошқа мамлакатларга келсак, HRW Амина Муҳаммадга мурожаат қилади:

👉 Қозоғистонда январ ойидаги намойишлар ва тартибсизликлар чоғида 230 дан ортиқ одамнинг ўлими ҳамда маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши юзасидан мустақил тергов ўтказиш масалаларини кўтариш;

👉 Туркманистоннинг янги президенти Сердар Бердимуҳаммедов мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳалокатли вазиятни тўғрилашга ва фуқароларга асосий эркинликлардан фойдаланишга имкон беришга чақириш;

👉 Ўзбекистон ва Қирғизистонда фуқаролик жамияти гуруҳларини рўйхатга олиш ва қийинчиликка учраган мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама қилиш.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Бадахшонда этник помирликлар ва асосан этник тожиклардан иборат Душанбе ҳукумати ўртасидаги қарама-қаршилик 2012 йилдан бери давом этиб келади. 2018 йили Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Помирга қарши мунтазам армиядан фойдаланишга рухсат берганди. Ўшандан бери Тоғли Бадахшонда вақти-вақти билан фуқаролик итоатсизлиги ҳаракатлари бўлиб ўтади, хавфсизлик кучлари уларни бостириб келади.

ТБАВ аҳолиси ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги сўнгги қарама-қаршилик 14 ва 16 май кунлари Хоруғдаги митинглардан сўнг юзага келди. 18 май куни ТБАВнинг Рушон туманида, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта автоколоннасини Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун «Душанбе-Хоруг» автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Шундан сўнг аксилтеррор операцияси бошланади. Сўнгги маълумотларга кўра, хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари натижасида камида 21 маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.

22 май куни Хоруғда помирликларнинг норасмий раҳбари Мамадбокир Мамадбокиров ўлдирилган. Расмийларнинг таъкидлашича, бу ҳодиса «ички жиноий жанжал» натижасида содир бўлган. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон хавфсизлик кучлари Мамадбокировни отиб ўлдирган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, тожик ҳукумати Тожикистоннинг бошқа вилоятларида истиқомат қилувчи помирликларга қарши қатағонларни амалга оширмоқда. Бир неча ўнлаб кишилар, жумладан журналист ва ҳуқуқ фаоли Улфатҳоним Мамадшоева, Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси генерали Холбаш Холбашев, Помир ҳуқуқшунослари уюшмаси раҳбари, Тожикистонда қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти коалицияси аъзоси Холиқназаров Манучеҳр ва бошқалар ҳибсга олинган.

Бундан олдин Тоғли Бадахшондаги вазият юзасидан бир қанча халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг озчилик халқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси Фернан де Варен, дунё исмоилийларининг имоми, шаҳзода Карим Оға Хон IV, Европа Иттифоқи дипломатик миссияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШнинг Тожикистондаги элчихоналари баёнотлар берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ