Тоғли Бадахшонда ўндан ортиқ одам тергов изоляторига жўнатилди

"Комиссия 44" иштирокчилари . Facebookдаги видеодан кадр

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) ўтган йили вилоят маъмурий маркази Хоруғ шаҳрида тузилган «Комиссия 44»нинг ўндан ортиқ аъзоси сўроқ қилиниб, тергов ҳибсхонасига жўнатилди. «44-комиссия» (ОАВда «Гуруҳ-44» номи ҳам қўлланилади) таркиби вилоят фуқаролик жамияти фаолларидан иборат. Бу ҳақда 30 май куни «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) хабар берди.

Тожикистондаги расмий идоралар бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бермади, бироқ ТБАВдаги камида учта «Озоди» манбаси бу хабарни тасдиқлади.

Манбага кўра, «44-комиссия»нинг ўндан ортиқ аъзоси, жумладан адвокат Фаромуз Иргашев 28 май куни прокуратурага чақирилган ва «чет элдан пул олгани ҳақидаги сўроқдан сўнг» тергов изоляторига жўнатилган.

Комиссиянинг 44 нафар аъзосидан бири ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан «тахминан 13 киши ҳибсга олинди, уларнинг баъзилари [2021] ноябрь воқеаларига доир тергов ишига дахлдор кимсалар ва уларга нисбатан иш қўзғатилганми ёки йўқ, бу маълум эмас», деди.

Манбанинг қўшимча қилишича, аввали Тоғли Бадахшон меҳнат муҳожирлари «44-комиссия» фаолиятини, ноябрь воқеаларини, Тожикистон хавфсизлик кучларининг Хоруғдаги махсус операцияси чоғида уч киши ҳалок бўлгани воқеасини адолатли тергов қилинишини расман қўллаб-қувватлаганлар.

«Бироқ, чет эл ташкилотлари ва давлатлари томонидан молиявий ёрдам бўлмади. Фақат Бадахшонлик муҳожирлар ёрдам берди. Одамлар шунчаки адолатга эришмоқчи бўлдилар ва бу миссия «44-комиссия»га ишониб топширилди», — деди у.

«44-комиссия» таркибига асосан ТБАВ фаоллари ва фуқаролик жамияти вакиллари киради. Улардан 6 нафари Хоруғдаги ноябрь воқеаларини тергов қилаётган Бош ва Ҳарбий прокуратура қошидаги терговчилар гуруҳи аъзоларидир.

2021 йил 25 ноябрдан бери Тоғли Бадахшонда вазият кескинлашган, ОАВнинг Роштқалъа тумани Тавдем қишлоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўтказилган махсус операция чоғида маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбеков ўлдирилган. Воқеадан сўнг Хоруғнинг марказий майдонига бир неча минг одам йиғилган. Митинглар тўрт кун давом этган, яна икки киши ҳалок бўлган, 17 киши яраланган. Йиғилганлар талаби Зиёбековнинг ўлимида айбдорларни жавобгарликка тортиш, вилоятнинг янги раҳбари Алишер Мирзонаботни истеъфога чиқариш, Хоруғдан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш ва вилоятда интернет алоқасини тиклаш бўлди.

«Комиссия 44» аъзолари ҳокимият билан асосий музокарачилар ҳисобланади. Уларнинг воситачилиги билан Хоруғдаги тўрт кунлик норозилик намойиши ниҳоясига етди, аммо ноябрь воқеаларида Зиёбеков ва яна икки инсоннинг ўлдирилиши бўйича тергов шу кунгача давом этмоқда.

14 ва 16 май кунлари Хоруғдаги митинглардан сўнг ТБАВ аҳолиси ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасида янги қарама-қаршилик авж олди. 18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта колоннасининг Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Ўртада аксилтеррор операцияси бошланди. Сўнгги маълумотларга кўра, хавфсизлик кучларининг ҳаракатлари натижасида камида 21 маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.

Ижтимоий тармоқларда 18 май куни вафот этган Рушон тумани аҳолисининг дафн маросими видеоси пайдо бўлди, унда кўмишга тайёрланаётган ўнга яқин жасадни кўриш мумкин.

22 май куни Хоруғда норасмий фаол помирлик Мамадбокир Мамадбокиров ўлдирилган. Расмийларнинг таъкидлашича, бу «ички жиноий жанжал» натижасида содир бўлган. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон хавфсизлик кучлари Мамадбокировни отиб ўлдирган.

Шуни таъкидлаш жоиз, Тоғли Бадахшонда расмийлар интернет ва телефон алоқаларини узиб қўйган, шунинг учун минтақага доир маълумотлар жуда кам.