Ўзбекистон ва Қирғизистон Афғонистондаги терактларни қоралади

БАЛХДА ПОРТЛАШДАН ШИКАСТЛАНГАН МАСЖИД. TOLONEWS САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирликлари 21 апрель куни Афғонистонда содир этилган терактлар юзасидан баёнот берди.

«Ўзбекистон Республикаси муқаддас Рамазон ойи кунларида Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қатъий қоралайди. Тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга сабаб бўлган зўравонлик ҳаракатлари Афғонистонда барқарор тинчлик ва миллий тотувлик ўрнатилишига тўсқинлик қилади», — дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
«Вазирлик бу жирканч жиноятларни Рамазон ойида мусулмон умматини парчалашга уриниш деб билади. Ушбу оғир дамда биз кўп миллатли ва турли дин эътиқодига эга қардош Афғонистон халқини бирдамлик, матонат, жасорат ва тинчликка чақирамиз», — дейилади Қирғизистон ТИВ баёнотида.

Вазирликлар ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди ва портлашлар қурбонлари тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Бир кун аввал Мозори Шариф (Балх вилояти) шаҳридаги шиа масжидида намоз пайтида портлаш содир бўлди. Камида беш киши ҳалок бўлди, бир неча ўнлаб кишилар яраланди.

Қундуз шаҳрида (шимолий вилоятнинг шу номдаги маъмурий маркази) гуманитар ёрдам олиш учун йиғилганлар орасида бомба ўрнатилган автомобиль портлатиб юборилди. Дастлабки маълумотларга кўра, 30 га яқин киши ҳалок бўлган ва жароҳатланган.

Кобулда чиқинди қутисига ўрнатилган қўлбола портловчи қурилманинг ишга туширилиши оқибатида икки нафар вояга етмаган бола жабрланган. Нангарҳорда мина портлаши оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган, бир киши жароҳатланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ