Бишкекда божхона кўригидан ўтмаган иккита вертолёт топилди — улар Тожикистондан келган

Вертолётлардан бири . Customs.gov.kg сайти фотосурати

Бишкекдаги «Манас» аэропорти божхона бошқармасининг контрабандага қарши кураш бўлими ходимлари Тожикистондан Қирғизистонга икки вертолёт ноқонуний олиб кирилганини аниқлади. Қирғизистон Республикаси Давлат божхона хизмати маълумотларига кўра, вертолётлар мамлакатга ўтган йилнинг август ойида келган, бироқ улар қонунни бузган ҳолда, ҳалигача божхона расмийлаштирувидан ўтмаган.

«Аниқланишича, 2021 йил 17 август куни МИ-8 ва МТВ-1 вертолётлари Қирғизистон Республикасидаги ЕОИИ божхона ҳудудига Душанбедан «Ф.С.Э.» МЧЖ манзилига келган. ЕОИИ қонунчилигига мувофиқ, товарлар Иттифоқнинг божхона ҳудудига олиб кирилганда, товарларни божхона режимига жойлаштириш билан боғлиқ божхона операциялари ўтказилади. Бироқ, ушбу вертолётларга нисбатан божхона операциялари ўтказилмаган», — дейилади вазирлик хабарида.

Вертолётларнинг нархи 640 минг доллар, давлатга етказилган зарар миқдори 3,52 миллион сўм (35,4 минг доллар) га тенг.

Контрабанда факти Жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг ягона реестрига киритилиб, иш материаллари қўшимча тергов ўтказиш учун Республика Бош прокуратурасига топширилган.

Қирғизистон Республикаси божхона хизмати Тожикистондан вертолётларни ким жўнатаётгани ҳақида маълумот бермаяпти. Шунингдек, очиқ манбаларда ҳаво кемалари мўлжалланган «Ф.С.Э» МЧЖ компанияси ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Агентлик эълон қилган суратда вертолётлардан бирида кўк-сариқ-қизил байроқ борлиги кўрсатилган – у ё Андорра ёки Молдовага тегишли.

Шуниси қизиқки, вертолётлар Бишкекка 2021 йил апрель ойида — чегарадаги қуролли можаролар туфайли Қирғизистон Тожикистон билан чегарасини ёпиб қўйган бир вақтда олиб келинган. Шунингдек, у пайт мамлакатлар ўртасида ҳаво қатнови ҳам тўхтатилганди.