Тоғли Бадахшонда интернет тикланди

Pamirway.com сайти фотосурати

Тоғли Бадахшон автоном вилоятида интернетга уланиш тикланди, бироқ тезлик ҳамон паст. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг Тожикистон бюроси) вилоятнинг маъмурий маркази Хоруғдаги манбаларига таяниб хабар берди.

Тоғли Бадахшонда интернет 2021 йил ноябрида маҳаллий аҳолининг ўлдирилишига қарши оммавий норозилик намойишлари чоғида узилганди. Расмийлар намойишни бостириш учун қурол ишлатган, натижада икки фуқаро ҳалок бўлган, яна 15 киши жароҳатланган, 12 нафар ҳуқуқ-тартибот ходими яраланган. Ҳарбийлар Хоруғга олиб кетилган, шаҳар ва вилоятнинг бошқа туманларида интернет ва уяли алоқа ўчирилган.

26 январь куни турли давлатларнинг жамоат ташкилотларини бирлаштирган Фуқаролик бирдамлиги платформаси (ФБП) Тожикистон ҳукуматини Бадахшонда интернетга киришни тиклашга чақирди. 31 январь куни Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Илҳом Атоев минтақада «ахборот терроризми»дан ҳимояланиш мақсадида интернет тармоғига кириш блокланганини айтди.

Тоғли Бадахшонда интернетнинг узилиши тиббиёт ва таълим муассасалари ишини тўхтатди. ОАВ хабарларига кўра, у аллақачон иқтисодиёт, савдо ва минтақа аҳолисининг ҳаракатчанлигига салбий таъсир кўрсатган. Кўпчилик маълумот жўнатиш ёки олиш, банк операцияларини бажариш ёки таълим дастурларига ариза топшириш учун юзлаб чақирим йўл босиб ўтишга мажбур бўлмоқда», — дея баёнот берди Human Rights Watch ташкилоти февраль ойида.

Март ойи бошида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет Тоғли Бадахшонда интернетнинг тўхтатилишини инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши сифатида баҳолади. 16 март куни АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси мамлакат расмийларини инсонларнинг асосий эркинликларни ҳурмат қилишга ва интернетга боғланишни тўлиқ тиклашга чақирди.