Толиблар ҳукумати «тез орада» давлат университетлари фаолиятини жонлаштиришга ваъда берди

Афғонистонлик талаба қизлар. TOLOnews сайти фотосурати

Мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати тез орада давлат университетларини талабалар учун қайта очади. Бу ҳақда 12 январь куни толибларнинг Олий таълим вазири Абдул Боқи Ҳаққоний маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Радикал ҳаракат ҳукуматни эгаллаб олганидан сўнг давлат университетлари ёпиқлигича қолаётган эди.

2012 йилдан буён «жангарилар фаолиятини уюштиргани» учун Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатида қолаётган Ҳаққоний 12 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида олий таълим муассасаларида эркак ва аёл талабалар синфлари алоҳида бўлишини айтди.

«Яқин кунларда афғонлар [Афғонистон Ислом Амирлиги**] давлат университетларини қайта очиши ҳақида хабарни эшитишади», — деди толиблар вазири.

Бироқ, у аниқ санани айтмади.

Ҳаққоний давлат университетлари қайта очилишининг ойлар давомида кечикишига сабаб қилиб Афғонистондаги иқтисодий инқироз ва эркак ва қиз талабалар учун алоҳида синф хоналарининг йўқлигини кўрсатди.

Шунингдек, у толиблар ҳукуматининг халқаро университет ташкил этишини ваъда қилди.

«Биз халқаро университет барпо этишни режалаштиряпмиз. У шариат, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва муҳандислик дастурларини ўз ичига олади. Магистр ва докторлик даражалари мана шу тўртта йўналиш бўйича берилади», — деди Ҳаққоний.

Айрим давлат университетлари талабалари журналистларга «Толибон» университетларни ёпиб қўйганидан бери ноаниқлик ичида яшаётганларини айтишди.

«Улар [толиблар] олти ойдан бери [университетлар фаолияти учун] двстур туза олмаганидан ҳайратдамиз. Бундай дастурни бемалол шакллантириш мумкин», — дейди талаба Муҳаммад Ҳилол (Mohammad Hilal).

Таъкидлаш жоиз, Афғонистонда ҳокимият «Толибон» қўлига ўтиб, ўқув жараёни вақтинча тўхтатилгач, 19 сентябрь куни мактабларда дарслар тикланган, бироқ уларга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар қабул қилинган. Кейинроқ, янги ҳукуматнинг Ахборот ва маданият вазири ўринбосари ва радикал ҳаракат матбуот котиби Забиуллоҳ Мужоҳид мактабларга алоҳида синфлар тузилганидан кейингина қизларнинг ўқишига рухсат берилишини айтди.

8 ноябрдан бошлаб ғарбий Ҳирот вилоятида қизлар ўрта ва юқори синфларда ўқий бошладилар. Бундан ташқари, Балх, Қундуз, Сари-Пул, Бомиён, Ғор ва Зобул вилоятларидаги қизлар бугунга келиб яна мактабга бориш имконига эга бўладилар. Афғонистоннинг қолган 27 вилоятида ўрта ва катта ёшдаги ўқувчи қизлар ҳамон уйда қолишга мажбур.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси — ЮНИCEФ қизлар мактабларини қўллаб-қувватлаш мақсадида афғон ўқитувчилари учун тўғридан-тўғри молиялаштириш тизимини яратишга киришди. «Афғонистонда қизлар таълим олишини қўллаб-қувватлашнинг энг яхши йўли — уларнинг мактаблари ва ўқитувчиларини қўллаб-қувватлашда давом этишдир. ЮНИCEФ донорларни афғон болаларига панд бермасликка чақиради», дейди ташкилотнинг Афғонистон бўйича таълим бўлими раҳбари Жаннет Вогелаар.

Шу билан бирга, афғон аёллари мунтазам равишда мамлакатнинг йирик шаҳарларида толиблар томонидан уларнинг ҳуқуқлари, жумладан таълим олиш ҳуқуқи поймол этилаётганига қарши намойишлар ўтказадилар. Масалан, 11 январь куни Кобулда шундай акция бўлиб ўтди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

** «Толибон»нинг 1996-2001 йиллари Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизим номи. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.