Азимжон Асқаров ўлимига доир иш яна ГСИНга топширилди

Азимжон Асқаров. Spring96.org сайти фотосурати

Азимжон Асқаровнинг колонияда вафот этганига доир жиноий иш яна қайта тикланди, деб хабар беради 24.kg нашри Қирғизистон Бош прокуратураси матбуот хизматига таянган ҳолда. Ушбу иш билан ГСИН (Жазони ижро этиш давлат хизмати) тергов хизмати шуғулланади.

Бундан олдин марҳумнинг турмуш ўртоғи Ҳадича Асқарованинг адвокатлари жиноий ишни республика Давлат миллий хавфсизлик қўмитасига топшириш ниятида эканини айтгандилар.

«Ташкилот сифатида жиноий ишни ёпишдан манфаатдор бўлгани боис, тергов ишлари ГСИН томонидан олиб борилмаслиги керак. Бунда мустақил тергов олиб бориш принциплари бузилади», — дейди адвокат Айдар Сидиқов.

Асқаров 2020 йил 25 июлда №47 колония касалхонасида оламдан ўтди. Унинг ўлимига иккитомонлама пневмония оқибатида юзага келган нафас етишмовчилиги сабаб қилиб кўрсатилган.

Асқаров ўлимидан бир неча кун олдин унинг қариндошлари, адвокати маҳкумнинг оғир касал эканини хабар қилганлар. ГСИН дастлаб ушбу маълумотни инкор этади, кейин омбудсменнинг қамоққа ташрифи чоғида маҳбусда ҳақиқатан ҳам COVID-19 (Асқаровни коронавирусга қарши тестдан ўтказишмаган) аломатлари борлиги аниқланган. Адвокат Валериан Вахитов Асқаровни охирги марта 2020 йил 22 июлда оғир аҳволда кўрган.

Асқаров вафотидан сўнг ГСИН маҳкумнинг даволанишдан бош тортгани, кислород ниқобини улоқтириб ташлаганини иддао қилган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиси Аида Байжуманова маҳкумнинг 11 июлда ёзган охирги мактубини эълон қилди. Унда Асқаров яшашни хоҳлашини, сиёсат билан қизиқишини, унга китоблар келтиришларини сўраб ёзган.

Азимжон Асқаровни 2020 йил 31 июлда Ўзбекистонда дафн этишди. Унинг ўлимига доир тергов ишлари деярли бир йил давом этди. Натижада ГСИН раҳбарияти Асқаровнинг COVID-19 асоратидан вафот этганини тан олиб, унга нисбатан турмада ёмон муносабатда бўлганлик ҳолатларини рад этди. Раҳбарият мамлакатдаги оғир эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, маҳбуснинг ўлими учун жавобгарликни зиммасига ололмаслигини таъкидлаган.

«Бир Дуйно» ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ушбу қарорни бекор қилиш учун Бибкек шаҳар Свердлов туман судида мурожаат қилади. Бироқ, суд 1 июлда ариза муддатида топширилмаганини айтиб, шикоятни қондиришдан бош тортади.

28 июль куни Бишкек шаҳар суди шикоятни қайта кўришга юборган ҳолда биринчи инстанция қарорини бекор қилди. Август охирида Бишкек шаҳар Свердлов туман суди Азимжон Асқаров ўлимига доир ишни қайта жонлантириш тўғрисида қарор қабул қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ