Афғон қирғизлари толиблардан қочиб Тожикистон ҳудудига ўтишган

Вахан коридори. Фотосурат Tom Hartley at the English Wikipedia, CC BY-SA 3.0 га тегишли

Афғонистонда истиқомат қилаётган бир гуруҳ қирғизлар «Толибон» (Россия ва қатор давлатларда тақиқланган ташкилот) ҳаракати жангариларидан қочиб Тожикистон ҳудудига ўтганлар. Бу ҳақда «Азия-плюс» Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинлари матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар беради.

13 июль куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятига қарашли Қизил Робот қишлоғига 77 нафар фуқаро (26 та эркак, 20 та аёл ва 31 та бола) афғон чегарасини кесиб ўтган. Уларнинг барчаси афғон қирғизларига мансуб бўлиб, Афғонистонга қарашли Бадахшон провинцияси Вахан туманидаги Андемин қишлоғида истиқомат қилишган. Вахан туманида асосан этник қирғизлар яшайдилар ва чорвачилик билан шуғулланадилар.

Хабарга кўра, қочқинлар ўзлари билан бирга чорва ҳайвонларини (1000 бош қўй, эчки, 300 та як, 3 та туя ва 30 та от) ҳам кўчириб келганлар.

«Инсонпарварлик принципларига таянган тожик чегарачилари афғон қочқинларининг Тожикистон ҳудудига қочиб ўтишига изн берганлар», — дейилади хабарда.

Ҳозирда қочқинлар вилоятнинг Мурғоб тумани Қизил Робот қишлоқ жамоатига жойлаштирилган.

Афғонистоннинг Душанбедаги элчихонаси манбаси нашрга толиблар дастидан Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган барча афғонлар кейинчалик ўз юртига қайтарилганини айтади. Бундан ваханлик қирғизлар мустасно. Манбага кўра, қочқинлар Кулоб аэропортидан учган вертолётларда уйларига қайтишган. Шунингдек, у Тожикистон ҳудудини кесиб ўтганларнинг аксарияти афғон ҳарбийлари эканини айтган.

8 июль куни Афғонистоннинг Тожикистондаги элчиси Муҳаммад Зоҳир Абгор Хатлон вилояти Момирак туманига жойлаштирилган қочқинларни бориб кўрган.

Бундан олдин БМТнинг қочқинлар масаласи бўйича Олий комиссарлиги Афғонистондаги нотинчлик сабаб жорий йилнинг январидан бошлаб шу кунга қадар 270 минг афғон ўз уйини тарк этишга мажбур бўлганини маълум қилганди. Бугунги кунда Афғонистондаги ички қочқинларнинг умумий сони 3,5 млн одамни ташкил этади. Шу билан бирга, шу йилнинг биринчи кварталида ҳарбий ҳаракатлардан ҳалок бўлган афғонларнинг сони 2020 йилга нисбатан 29 фоизга ошган. Асосан аёллар ва болалар кўпроқ қурбон бўлаётгани таъкидланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ