Uzbekistan Airways Исроил мамлакати билан авиапарвозларни тиклади, деб хабар беради миллий авиакомпаниянинг матбуот хизмати.
Жорий йилнинг 24 май куни «Тошкент — Тель-Авив — Тошкент» маршрути бўйича парвоз амалга оширилди. Самолёт ҳафтада бир марта, душанба кунлари Исроилга учади. Бир томонга авиачиптанинг нархи 4,3 млн сўмдан ($405), бориб-қайтиш чипталари 5,7 млн сўмдан ($537) бошланади.
«Шуни айтиш жоиз, чет эл фуқароларининг Исроилга кириши ва у ердан транзит йўл олиши ҳозирча тақиқланган. Лекин Исроил фуқаролари ва резидентлари, Аҳоли ва иммиграция бошқармаси томонидан рухсатномага эга йўловчилар бу рўйхатга кирмайди», — дейилади хабарда.
Исроил давлатидан 72 соат мобайнида четда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари, мазкур мамлакатга кириш ёки у ердан транзит йўл олиш учун 72 соатдан кеч бўлмаган вақт ичида COVID-19 га қарши ПЦР-тест топширган бўлишлари керак ва уларнинг тест натижалари манфий бўлиши керак.
Шунингдек, йўловчилар учишдан 24 соат олдин «Мамлакатга кириш тўғрисида ҳисобот» формасини тўлдиришлари, Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан электрон рухсатнома олишлари лозим. Бундан ташқари, улар COVID-19 га қарши даволаниш ҳаражатларини қоплашга доир тиббий суғуртага эга бўлишлари керак.
Uzbekistan Airways хабарида мунтазам рейсларнинг тикланиши Ўзбекистон ва Исроил мамлакатларида эпидемиологик ҳолатнинг яхшиланиб бораётгани билан изоҳланади. Лекин шунга қарамасдан кейинги кунларда Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони ўсиб бормоқда. Ўтган кун давомида республикада 280 нафар одам мазкур инфекцияга чалингани аниқланди ( бир кун олдин, 25 май куни 215 та касалликка чалиниш ҳолати аниқланган эди). Коронавирусга чалинган одамларнинг аксарияти Тошкент шаҳри ва вилоятида рўйхатга олинган.