Uzbekistan Airways 1 сентябрдан Россия билан мунтазам равишда авиапарвозларни амалга ошира бошлайди

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" лайнери Москва аэропортида . Wikimedia Commons фотосурати

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» (Uzbekistan Airways) миллий авиакомпанияси 2020 йил 1 сентябрдан Тошкент ва Россия шаҳарлари бўйлаб бориб-қайтиш рейсларини қайта тиклайди. Ҳозирда 30 сентябргача бўлган парвозлар жадвали тузилган, дейилади ўзбек авиакомпаниясининг РФдаги йўловчи ва юклар ташиш бўйича «АэроТур» МСЖ бош агентлиги сайтида.

Куз бошидан Тошкентдан Россиянинг бешта шаҳри – Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Қозон ва Владивостокка парвозлар уюштирилади. Икки мамлакат пойтахтлари орасидаги парвозлар сешанба кундан ташқари ҳафтасига олти кун амалга оширилади. Санкт-Петербургга бориб-қайтиш рейслари эса ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади. Қолган шаҳарларга Uzbekistan Airways самолётлари ҳафтада бир марта қатнайди: Қозонга – сешанба, Новосибирскга – душанба, Владивостокка – шанба кунлари.

Миллий авиакомпания сайтида чипталарни онлайн сотиб олиш мумкин. Масалан, Ўзбекистон пойтахтидан Москвага бўлган рейс чиптасининг нархи 1 сентябрда эконом-класс учун $383. Ўша муддатга Тошкент – Санкт-Петербург рейсининг чипта нархи $387,2 дан иборат.

Ўзбекистонда COVID-19 биринчи бор аниқланганидан кейин республикада карантин жорий этилди, чегаралар ёпилди, авиапарвозлар тўхтатилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» фақат чартер рейсларни амалга оширди. 10 июлдан мамлакатда яна карантин чоралари кескинлаштирилганидан кейин чартер рейсларининг сони қисқартирилди.

Авиакомпания 1 июлдан рейсларга чипта олган йўловчиларга компенсация жорий этди. Унга кўра, коронавирус пандемияси туфайли бекор қилинган рейсларнинг пули йўловчиларга депозит ваучерлари сифатида тақдим этиладиган бўлди. Мазкур ҳужжат йил давомида амал қилиши мумкин. Йил сўнггина депозитнинг сарфланмаган суммасини авиакомпания йўловчига дастлабки чипта нархида қайтаради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ