Қирғизистонда вилоятларо йўловчиларни ташиш тақиқлаб қўйилди

Қирғизистондаги карантин. Gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда вилоятлар ва мамлакат шаҳарлари орасида қатнайдиган жамоат транспортининг иши тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақда Sputnik Кыргызстан коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабига таяниб хабар бермоқда.

“Қарор COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят оператив штаби билан келишган ҳолда қабул қилинди. Чекловлар вилоятларда эпидемиологик вазият яхшилангунга қадар давом этади”, — дея билдирдилар штабдагилар.

Коронавирус тарқалишини жиловлаш мақсадида вилоятлар ўртасида жамоат транспорти қатновини тақиқлаш таклифини 6 июль куни мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков кўтариб чиқди. У шунингдек, байрамларни нишонлашни ҳам тақиқлашни таклиф қилди. Қирғизистон ҳукуматининг раиси Қубатбек Бўронов вилоятлар ўртасида йўловчи ташишни тўхтатиш режалари ҳақида 20 июнда ҳам сўз юритганди. Ўшанда Бишкек шаҳрида дам олиш кунлари жамоат транспорти ишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганди.

Қирғизистонда олдин ҳам 25 март куни мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганида йўловчи ташувчи транспортларининг ҳаракати тўхтатиб қўйилганди. 11 май куни бу тақиқ бекор қилинди ва турли соҳалардаги корхоналарнинг фаолияти қайта тиклана бошланди. Бироқ июнь ўрталаридан бошлаб мамлакатда COVID-19 инфекциясини юқтириш ҳамда пневмония билан касалланиш кўрсаткичлари тез суратларда ўса бошлади ва шу муносабат билан Республика штаби айрим карантин чекловларини қайтара бошлади.

Қирғизистонда 9 июль ҳолатига кўра коронавирусга чалинишнинг 8847 та ҳолати рўйхатга олинган, 3053 нафар бемор соғайиб кетди ва 116 киши вафот этди. Пневмониядан пандемия бошланганидан бери 310 киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ