Бишкек шаҳар мэрияси карантин даврида такси ва йўналишдаги таксиларга қўйилган чекловларни енгиллатди

Kloop.kg сайти фотосурати

Бишкек шаҳар йўналишдаги такси ҳайдовчилари коронавирус тарқалишига кураш доирасида уларнинг ишни вақти чеклаб қўйилишига қарши чиқдилар. Улар бутун кун давомида тўлиқ ишлаш имкониятини тақдим этишни ёки бўлмасам, кредитлар бўйича тўловларни кечиктирган ҳолда ишни бутунлай тўхтатиб қўйилишини талаб қилдилар, дея хабар беради 24.kg. Натижада, мэрия уларнинг иш кунини узайтириб берди ҳамда бир кун олдин дам олиш кунларида такси қатновига киритилган тақиқни бекор қилди.

Ҳайдовчилар таъкидлашича, уларга ажратилган олти соат – эрталаб ва кечқурун уч соат вақт давомида етарли маблағ ишлаб олишнинг имконияти бўлмаяпти. Улар 12-микрорайондаги охирги бекатда бўлиб ўтган йиғилишда ўз талабларини шаҳар мэрияси транспорт бошқармасининг вакилларига билдирдилар. Муниципалитет вакиллари республика штаби мажлисида уларга яна бир неча иш соатлари қўшиб берилиши тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирдилар.

Ижтимоий тармоқларда ҳайдовчиларнинг шаҳар транспорт бошқармаси раҳбари Сатибалди Хакимовга мурожаати тарқатилди, унда уларга пул ишлаб олишга ва кредитлар бўйича тўловларни амалга оширишга имконият берилмаётгани ҳақида сўз юритилган. “Бизни жаримага тортмай, бизнинг ишлашимизга имконият беринг. Биз жадвалга риоя қилган ҳолда, яъни фақат эрталаб ва кечқурун уч соатдан ишлашга рози эмасмиз. Агар биз йўловчиларни фақат ўриндиқларнинг ўзига оладилан бўлсак, даромад қила олмаймиз”, — дейилади мактубда.

Бишкек шаҳар мэри Азиз Сурақматов коронавирусга чалинган одамларнинг сони кўпайиб кетаётгани боис карантинни кучайтириш тўғрисида фармойиш чиқарди. Ҳужжатга кўра, шаҳардаги жамоат транспорти иш кунлари эрталаб соат 7.00 дан 10.00 гача ва кечқурун 17.00 дан 21.00 гача давом этиши, дам олиш кунлари эса умуман тақиқланиши кўзда тутилган.

Аввалига бу фақат таксиларга тааллуқли бўлиши режалаштирилган эди. Аммо 2 июль куни мэрия сайтида таксиларга “санитария меъёрларига қатъий риоя қилган ҳолда дам олиш кунлари ҳам ишлашга рухсат берилиши” ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Қарорга ушбу ўзгартиришни мэр ўринбосари, эпидемияга қарши ва эпизоотияга қарши комиссиянинг фавқулодда раиси Татьяна Кузнецова киритди.

Ҳайдовчилардан ишга шамоллаш, ОРВИ ва бошқа касалликлар аломати бўлганда ишга чиқмасликлари, тиббий ниқобларни тақиб юришлари ҳамда ўзлари билан антисептик воситаларини олиб юришлари сўралди.

Қирғизистон пойтахтида эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши учун барча истироҳат боғлари, ҳиёбонлар ёпиб қўйилди. “Шаҳардаги эпидемиологик вазият ниҳоятда таранглашган, биз Бишкек аҳолисини ҳимоя қилиш ва COVID-19 тарқалишини тўхтатиш учун қатъий чораларни кўришга мажбурмиз”, — дейилади Бишкек шаҳар мэрияси матбуот хизматининг хабарномасида.

Бишкек шаҳрида 2 июль ҳолатига кўра, коронавирусга чалинишнинг 2625 та ҳолати қайд этилган, 965 нафар бемор соғайиб кетган. Республикада коронавирус инфекциясидан зарарланган одамларнинг умумий сони 6261 кишига етган, улардан 2530 нафари соғайиб кетган ва 66 киши ўлган.