ХХР Ҳонгконг миллий хавфсизлигига доир қонунни бузганлик учун умрбод қамоқ жазосини киритди

1llz.com сайти фотосурати

Хитой Халқ Республикаси парламенти томонидан бир овоздан қабул қилинган Ҳонгконг миллий хавфсизлигини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуни Ҳонгонгни Хитойдан ажратишга ҳамда Пекиннинг ушбу ҳудуд устидан ҳукмронлигини бекор қилишга қаратилган фаолият учун умрбод озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи жиноий жавобгарликни жорий қилди. ВВС қайд этишича, бу ҳужжат матни тўлиқ чоп этилганидан кейин маълум бўлди.

Сепаратистик фаолият, тузумга тажовуз, терроризм ва бошқа давлатлар билан тил бириктириш уч йилдан бир умрга озодликдан махрум этиш билан жазоланади. Шунингдек, номақбул хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган одамлар учун ҳам жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилмоқда.

Киритилган бошқа янгиликлар орасида – транспорт объектларига шикаст етказиш терроризм дея тан олинади. Ҳонгконда намойишчилар узоқ муддатли намойишлар давомида бир неча бор шаҳар инфратузилмаларига тўсиқлар қўйишган.

Хитой марказий ҳокимият органларига ҳамда Ҳонгконг региони ҳукуматига нисбатан адоват қўзғатиш жиноят сифатида малакаланади. Мазкур жиноятлар бўйича айбдор дея топилган шахслар давлат лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этиладилар.

Ҳонгконгда хавфсизлик бўйича янги идора тузилмоқда, у марказий ҳокимият органларига тўғридан- тўғри бўйсунади, унинг ходимлари маҳаллий маъмурият назоратидан ташқарида қоладилар. Хорижий ва нодавлат ташкилотлари ҳамда ахборот агентликлари устидан назорат кучайтирилади.

Янги ҳужжат Ҳонгконг Асосий қонунига илова бўлиб қолади ҳамда маҳаллий меъёрий ҳужжатлар билан зиддият туғилиб қоладиган бўлса, устуворликка эга бўлади.

Қонун танқидчилари таъкидлашича, ушбу ҳужжат материкдаги Хитой ҳукуматига автономиядаги оммавий чиқишлар ва эркинликларни чеклаш учун жуда кенг имкониятлар беради. Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давомида норозилик акциялари уюштирилган, норозиларни полиция қўлга олиб, ноқонуний йиғилишлар ўтказгани учун жавобгарликка тортган.

АҚШ Давлат департаменти Ҳонгконг бундай аҳволда автономияси ва иқтисодий имтиёзларидан маҳрум бўлмоқда, деб билдирган. Ҳонгконг касаба уюшмалари халқаро ҳамжамиятнинг кўмагини олиши мақсадида “Катта йигирмалик” ташкилотига аъзо давлатларнинг консулхоналарига қонунга қарши петиция топширдилар. Пекин қонун лойиҳаси муҳокамасидаги халқаро ҳамжамиятнинг иштирокини Хитой ички ишларига аралашув сифатида баҳоламоқда.

Ҳонгконг расман Хитойнинг маъмурий ҳудудий бўлинмаси саналади, бироқ “бир мамлакат, икки тизим” курсига мувофиқ, кенг автономия ҳуқуқларига эгалик қилмоқда. Хусусан, полиция ва молиявий тизим устидан назоратни ўз қўлида сақламоқда.

Қонуннинг кучга кириши Ҳонгконгни Буюк Британия томонидан Хитой Халқ Республикасига топширганига 23 йил тўлган санасига тўғри келган. Буюк Британия ўзининг собиқ мустамлакасини Хитойга “бир мамлакат, икки тизим” тамойилига риоя қилиш шарти билан топширган (шаҳар автономиясини, унинг аҳолиси эса кенг сиёсий ҳуқуқларини, шу жумладан, сўз эркинлиги, йиғилиш ўтказиш эркинлигини 2047 йилгача сақлаб қолади).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ҳақиқий Остап Бендер лейтенант Шмидтнинг ўғли бўлмаган. У Ўзбекистон Марказий ижроя қўмитасининг раиси бўлган

  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов оғир ҳасталикка учраган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод этишга чақиради