Тожикистонликларга тўй маросимларини ўтказиш ва Ўзбекистонга учиб боришга рухсат берилади

Душанбе кўчасида ҳимоя ниқобидаги одамлар. Asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш республика штаби одамларнинг тўй маросимларини ўтказишига ҳамда БАА ва Ўзбекистонга авиарейслар очилишига рухсат берди. Бу ҳақда «Ховар» нашри хабар беради.

Тўй маросимларига 20 июндан рухсат берилади. Никоҳ тўйига юзтача одам чақириш мумкин. Маросимни яшаш жойи ёки тўйхоналарда санитария-эпидемиологик нормаларга риоя қилган ҳолда ўтказиш мумкин бўлади.

1 июлдан Тожикистондан Дубай ва Ўзбекистон шаҳарларига авиарейслар очилади. Барча йўловчилар учиш олдидан тиббий баённомага эга бўлишлари керак. Бундан ташқари, Тожикистон фуқаро авиацияси агентлигига Россия, Туркия ва Хитойга парвозлар уюштириш масалаларини ўрганиш топширилган.

Тожик ҳукумати 20 мартдан коронавирус инфекция тарқалишини олдини олиш мақсадида барча аэропортларини ёпиб қўйганди. Тошкент ва Душанбе ўртасидаги авиапарвоз ўзбек томони ташаббуси билан 16 мартдан тўхтатилди. Шунга қарамасдан, 15 июндан Тошкент эпидемиология вазияти яхши бўлган мамлакатлар билан ҳаво алоқаларини тиклай бошлади.

Тожикистонда тўй маросимларини ўтказиш 25 майдан тўхтатиб қўйилди. Шунингдек, республикада ўқув юртлари, кийим-кечак бозорлари, гўзаллик салонлари, масжидлар ёпиб қўйилди. Тожикистон ҳукумати 15 июндан кийим-кечак бозорлари, савдо марказлари ва ресторанлар фаолиятига яна рухсат берди. Футбол бўйича мамлакат чемпионати ўйинлари жонлантирилди.

17 июнь ҳолатига кўра, Тожикистонда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 5160 нафарни ташкил этган, инфекциядан 50 киши ўлган, 3624 та одам соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ