Мирзиёев рақамли иқтисодиётнинг секинлик билан ривожланаётганидан норози бўлди

Мирзиёев ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодни ривожлантириш соҳасида ислоҳотларнинг бориши тўғрисида топшириқ бермоқда. Президент матбуот хизмати фотоси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев давлат органларининг электрон хизматга ўтиш суратларини танқид қилди ҳамда ташкилотлар фаолиятининг рақамли трансформациясини янги авлод мутахассисларини етиштириш ҳисобига кучайтириш бўйича топшириқ берди. Топшириқлар 8 июнь куни ушбу соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши тўғрисида ҳисобот берган мутахассислар билан учрашув давомида берилди.

Ҳозирда 780 тур давлат хизматидан бор-йўғи 185 тасидан “электрон портал” орқали фойдаланиш имкони мавжуд. Аксарият ташкилотларда иш жараёнини рақамлаштириш фақат ҳужжат алмашинувини электронлаштириш билан чекланиб қолмоқда. Аҳволни яхшилаш учун “Электрон ўқитиш дастури” орқали ўқиб, диплом олган дастурчиларни давлат ва хўжалик муассасаларига IT мутахассиси сифатида ишга олиш зарурлиги таъкидланди.

Мирзиёев, мисол учун, камбағал оилаларга кредит ва субсидиялар бериш масаласини махсус электрон дастур аниқ мезонлар асосида автоматик равишда белгилаш учун ташкилотларда рухсат бериш ва қарор қабул қилиш жараёнларини электрон форматга ўтказиш бўйича концепция ишлаб чиқишни талаб қилди.

Ёшларнинг IT-саводхонлигини ошириш учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига барча ҳудудларда рақамли технологиялар бўйича камида 100 та ўқув маркази очиш вазифаси қўйилди. Бу даргоҳларда дастурлаш асослари, электрон савдо ва графикли дизайн каби йўналишлар бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

“Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг дастлабки босқичида 62 мингдан зиёд ўқувчи қамраб олиниб, уларнинг 5 минг 400 нафарига малака сертификати берилди. Жорий йил якунига қадар 100 мингта ва 2021 йилнинг биринчи ярмида яна 150 мингта ўқувчини ўқитиш, талабаларнинг дастурий таъминот бўйича малакасини ошириш вазифаси белгиланди. Мактабларда “Информатика” фанидан дарс беришни такомиллаштириш, ушбу фанга “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига доир йўналишларни киритиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Рақамли иқтисодиётга ўтиш президент 28 апрель куни имзолаган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ўзбекистон расмийлари IT-паркларни ривожлантириш ҳисобига дастурчилар оқимини таъминлашга умид қилмоқдалар. 2019 йилда Тошкентда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парки очилган. Кейин бу паркнинг филиаллари Андижон ва Марғилонда ташкил этилган. Пойтахтнинг Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактаби ҳудудида яна бир филиал биноси қурилмоқда.

2020 йил якунига қадар Гулистон, Бухоро, Наманган, Нукус, Самарқанд, Урганч ва Жиззах шаҳарларида шундай филиаллар ташкил этиш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Жаҳон оммавий ахборот воситалари – Марказий Осиё ҳақида. Ҳафталик шарҳ

  • Тошкентда фақат 42 дона юз йиллик дарахт қолган. «Фарғона» ҳали кеч бўлмасидан уларни кўриб чиқишга уринди

  • «Фарғона» Бош директори Даниил Кислов оғир ҳасталикка учраган ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни озод этишга чақиради

  • Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжолари. Орзуларни ушатувчи беш булоқ, ва куч-қувват бағишловчи чинорлар