Томскадаги ёнғин сабаблари ойдин бўлмоқда

Ёнғин оқибатлари . Томск область ФҲВ ББ фотосурати

Томск областининг Причулим посёлкасида содир бўлган ёнғин сабабларига ойдинлик киритилмоқда. 11 нафар инсон ҳаётига зомин бўлган мазкур ёнғинга электр жиҳозларидаги носозлик сабаб бўлган, дея хабар беради «Интерфакс» область маъмурияти маълумотларига таянган ҳолда. Дастлабки маълумотларга кўра, мигрантлар яшаган ётоқхонанинг ҳар бир хонасига электр иситгич ускуналари ўрнатилган ва улар дарахт орқали тортилган симларга уланган. Аввали бу ерда «Гринвуд» компаниясининг ёғочсозлари истиқомат қиларди, деган хабар берилганди. Томск области губернатори Сергей Жвачкиннинг сўзларига кўра, бу бинодан ётоқхона сифатида фойдаланиш асло мумкин бўлмаган. «Назоратчиларни ҳам алдашган. Ойналарга ўрнатилган панжаралар, одамларнинг ёнғиндан қочишига тўсқинлик қилган. Фақат иккита мигрант ойнани синдириб, ташқарига чиқишга улгурган», — дейди Жвачкин.

У Асинов район маъмуриятига ёнғиндан омон қолган икки ишчига вақтинча яшаб туриш учун маҳаллий ётоқхонадан жой ажратишни буюрган. Губернаторнинг хавфсизлик бўйича ўринбосари Игорь Толстоносовга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари билан Томск областидаги 378 та корхона ишчиларининг меҳнат қилиш ва яшаш шароитларини текшириш топширилган.

Ёғочдан қурилган бир қаватли ётоқхонадаги ёнғин 21 январь куни эрталаб содир бўлган. Унда 11 нафар Ўзбекистон фуқароси ва битта россиялик аёл ҳалок бўлган. Ўзбекистон ТИВ ва ФВВ ҳалок бўлган мигрантларнинг жасадларини уйга юбориш масаласи билан шуғулланмоқда.

Россия Текширув қўмитасининг Тергов бошқармаси одамлар ўлими юзасидан РФ Жиноят кодексининг 109-моддаси, 3-банди (икки ёки ундан ортиқ инсон ҳаётига зомин бўлиш) билан жиноий иш қўзғаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россиядан Ўзбекистонга учадиган чартер рейсга элчихонадаги электрон навбатдан айланиб ўтиб, қандай қилиб авиачипта сотиб олса бўлиши ҳақида

  • Россияда мигрантлар учун “ишонч рейтингини” жорий этиш режалаштирилмоқда. Хитойда бундай рейтинг яратиб бўлинган

  • 2010 йил тўполонларидан сўнг Ўш шаҳри қай аҳволда эди. Фожиа кунига бағишланади

  • Ўзбекистон элчихонаси ватанга биринчи навбатда кимларни жўнатиш борасида нималарга асосланиб қарор қабул қилаётгани ҳақида