Ўзбек футболи нималарга эришди ёҳуд калаванинг учи қаерда?

Алишер Аминовдан муқобил хулосалар
Алишер Аминов. Унинг архив фотосурати

Кейинги йилларда ўзбек спортида тектоник ўзгаришлар рўй бермоқда. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев имкон қадар спорт соҳасига кириб боришга ҳаракат қилмоқда ва яқинда Ўзбекистон Олимпия қўмитасини бошқара бошлади. «Фарғона» суҳбатни (биринчи қисм шу ерда) таҳлилчи, иқтисод ва ҳуқуқ соҳалари бўйича халқаро эксперт, ФИФА эксперти, РФИ президентлигига номзод Алишер Аминов билан давом эттиради. У мамлакатда спортни ривожлантириш дастурини тайёрлаган ва бу соҳадаги мураккаб масалаларнинг аниқ ечимини таклиф қилади.

— Миллий олимпия қўмитасининг спортни бошқариш тизими ва уни ривожлантиришдаги ўрни қандай? Нега Ўзбекистон Президенти Олимпия қўмитасига раҳбарлик қилишга қарор қилди? Ахир, у бусиз ҳам ҳаддан зиёд банд раҳбар.

— МОҚ спортни бошқариш тизимида бош ташкилот ҳисобланмайдиган етакчи спорт мамлакатларида миллий олимпия қўмиталари фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, у ерда Олимпия ўйинлари мутасаддиларининг функциялари ниҳоятда чекланганлиги аён бўлади. Кўпинча уларнинг вазифалари ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Олимпиадага спортчиларни юборишдан иборат бўлади.

Швейцариядаги фаолиятим давомида мен Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) офисига ташриф буюриш, Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси (МОҚА) Халқаро антидопинг агентлиги (ХАДА) раҳбарияти билан мулоқот қилиш, Шимолий Европа мамлакатлари Олимпия қўмиталари қандай ишлашини кўриш имконига эга бўлдим ва жуда оз штатга эга ходимлардан ҳайратда қолдим. Масалан, Данияда барча федерациялар, Спорт вазирлиги ва МОҚ бир бинода ихчам жойлашган, МОҚ эса учта хонада ишлайди. Улар ҳатто баъзан ўз спортчиларини Олимпия ўйинларига жўнатганда сайёҳлик агентликларини ёллашади, зеро бу уларнинг (қўмиталарнинг) асосий иши эмас ва тежам бўлади, деб ўйлашади ва бу уларга ўз ходимларини кўпайтирмасликка имкон беради.

Мирзиёев келиши билан Ўзбекистонда МОҚ барча спорт турлари бўйича барча федерацияларни бошқарувчи органга айланмоқда. Бундай бошқарув моделининг самарадорлиги саволларни туғдиради ва МОҚнинг Ўзбекистон спорт менежменти тизимидаги ўрни тўғрисида кенг мунозараларга сабаб бўлади.

Шавкат Мирзиёев. raqobat.gov.uz сайти фотосурати

— Гап нимада?

— Муайян спорт тури бўйича текширувлар ўтказиш ва унинг аҳволини тушуниш, захира ва мутахассисларни тайёрлаш фойдали ва зарур, албатта, лекин бунинг учун асосий масъулият спорт федерациялари зиммасига тушади. Умид қиламизки, МОҚнинг барча федерациялар ва Спорт вазирлиги билан самарали ҳамкорлиги яқин келажакда сезиларли натижалар беради.

Спорт саноати энг мураккаб, қийин, ўзига хос ва кўп қиррали соҳалардан бири бўлиб, ўз юрисдикциясига эга. Масалан, вақт шуни кўрсатдики, футбол индустриясини бошқариш иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига қараганда анча қийинроқ, кўплаб омадли бизнесменлар нафақат федерацияларни, балки футбол клубларини ҳам бошқаришда муваффақиятсизликка учрадилар.

— Қандай вариантлар бор?

— Ҳукумат ва жамият нафақат «ерда» ишлаш, долзарб муаммоларни ҳал қилиш, балки келажакка интилиш, захира ва мутахассислар тайёрлаш учун шарт-шароит яратиш, аниқ иқтисодий модел асосида касбий мусобақаларни муносиб даражада ўтказишни кафолатлаш, юқори сифатли медиа-маҳсулот яратиш учун соҳа билан ўзаро ҳамкорликнинг маданиятли, самарали шаклларини излаши ва топиши керак бўлади.

Президент яқинда айтиб ўтган медаллар таркибини таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон спортига фақат бир нечта индивидуал спорт турлари, асосан яккакураш турлари халқаро мукофотлар олиб келаётганини тушунамиз. Ягона спорт турлари бўйича федерацияларни бошқариш ўйин спортига қараганда анча осон, футбол мураккаблиги бўйича биринчи рақамли спорт тури ҳисобланади. Олимпиада ўйинларида қатнашган барча йиллар давомида Ўзбекистон терма жамоалари давлатнинг спорт қиёфасини белгилаб берувчи ўйин спорт турлари бўйича медаллар учун курашга ҳали ҳам яқинлаша олгани йўқ.

— Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўтган Олимпиадада илк бор майдонга тушди.

— Жамоа турнирда омадсизликка учради. Ўйин натижалари ва мураббийлар штабининг иши ЎФА Ижроқўмида раҳбарияти ўртасида муҳокама қилинмади. Малакали таҳлилнинг йўқлиги, спорт жамоатчилигининг фикр-мулоҳазалари билан алоқа ўрнатилмагани – буларнинг барчаси Ўзбекистон Президентига ҳам муваффақиятсизликлар сабабларини холисона баҳолаш имконини бермаяпти.

Сабаб-натижа муносабатларини кузатиш қийин эмас: тегишли идоралар фаолияти устидан ваколатли назорат йўқ, мувофиқлаштириш тизими муҳим бўғиндан — бошқа кўплаб давлатлар қатори фақат шу соҳага раҳбарлик қиладиган Ўзбекистон Президентининг жисмоний тарбия ва спорт масалалари бўйича алоҳида малакали давлат маслаҳатчиси лавозимидан маҳрум. Амалиёт шуни кўрсатадики, маслаҳатчининг мақоми, агар у лавозимнинг профессионал мезонларига жавоб беролса, бошқарув тузилмасида асосийларидан бири ҳисобланди.

— Спортни бошқариш тизимига оид меъёрий-ҳуқуқий базада қандай муаммолар мавжуд ва уларни ҳал этиш бўйича қандай қонунчилик ташаббусларини таклиф қила оласиз?

— Аввало, Ўзбекистонда спорт давлат томонидан қабул қилинган меъёр ва қонунлар, халқаро ва миллий федерациялар низомлари асосида фаолият юритишини тушунишимиз керак. Мамлакатда «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида» қонун қабул қилинган бўлиб, у спортнинг асосий субъектлари ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиши керак. Ҳозирги вақтда қонунда профессионал спорт соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда камчиликлар мавжуд бўлиб, унинг ўзига хос хусусиятлари етарли даражада ҳисобга олинмайди. Қонунчиликда профессионал ва ҳаваскор спорт турларини фарқлашнинг ўзига хос хусусиятлари, профессионал спортчи, спорт мураббийи ва ҳаками мақоми тўғрисида тўғридан-тўғри ва ҳар томонлама жавоблар берилмаган.

Бу камчиликлар асосан спортни тартибга солишда амалга оширилаётган ва кутилаётган моделини қонунларда аниқ тушуниш ва акс эттиришнинг йўқлиги билан боғлиқ. Спорт субъектлари ўртасида мувозанатга эришиш учун жамоат федерациялари ва спорт лигаларига ижтимоий ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи стандартларни белгилаш ваколатини бериш керак, аммо бу стандартлар тегишли спорт турлари бўйича касаба уюшмалари билан келишилганидан кейингина.

— Яъни Меҳнат кодекси ҳақида гап кетмоқда, шундайми?

— Айнан. Меҳнат кодекси спортчилар ва мураббийлар ўртасидаги меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш учун асос бўлади. У спортчилар, мураббийлар ва спорт ташкилотлари ўртасида меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузишда юзага келадиган меҳнат ва фуқаролик ҳуқуқи ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун мўлжалланган.

Мен жалб қилган спорт ҳуқуқи бўйича мутахассислар меъёрий-ҳуқуқий базани таҳлил қилиб, асосий молиявий юк иш берувчилар зиммасига тушади, деган хулосага келишди. Касбий спорт турлари учун давлат ёрдами ва молиявий кафолатлар, шу жумладан спортчилар ва мураббийларни алоҳида ижтимоий таъминлаш қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бу эса профессионал спорт соҳасида жамоатчилик билан алоқаларни яхшилаш зарурлигига ишора қилади.

Алишер Аминов РФИ ишчи гуруҳи раҳбари. Аминов архив фотосурати

— Масалан?

— Профессионал спортчи ва профессионал мураббий тушунчасини белгилаш, меҳнатни ташкил этишнинг аралаш характерига йўл қўйган ҳолда, меҳнат ва фуқаролик қонунчилигининг соҳага мансублигини фарқлаш зарур. Жамоатчилик муносабатларини давлат томонидан тартибга солиш чегараларини ва минимал меҳнат меъёрларини белгилаш, шартномавий-ҳуқуқий жавобгарликнинг янги турини ва профессионал спорт субъектларига нисбатан қўлланиладиган низоларни судгача ва арбитражда ҳал қилиш тизимини ўрнатиш лозим.

Ҳозирги вақтда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи спорт мусобақалари тўғрисидаги қоидалар ва низомлар барча жисмоний тарбия ва спорт субъектлари томонидан ҳар доим ҳам қўлланилмайди. Бундан ташқари, судлар меҳнат низоларини ҳал қилишда ҳар доим ҳам ушбу ҳужжатлардан ҳуқуқ манбалари сифатида фойдаланмайди. Ушбу муаммони ҳал қилиш учун Меҳнат кодексига оммавий спорт федерациялари ёки профессионал спорт лигалари томонидан тасдиқланган қоидаларни ушбу федерациялар ёки лигалар томонидан ташкил этиладиган мусобақаларда иштирок этувчи профессионал спортчилар ва мураббийларга бевосита татбиқ этилишини таъминлайдиган ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда.

Экспертиза давомида, шунингдек, Меҳнат кодексида спортчилар ва мураббийлар, жумладан, профессионал спортчилар, профессионал спорт турлари бўйича мураббийлар, шунингдек, спорт машғулотлари билан шуғулланувчи спортчилар ва мураббийлар учун аниқ тоифаларни белгилаш таклиф этилмоқда. Бу профессор-ўқитувчилар таркиби билан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг такрорланишига барҳам беради, ушбу тоифадаги ходимлар ҳуқуқий мақомининг ноаниқлигини бартараф этади, спорт машғулотларини олиб борувчи мураббийларнинг ижтимоий кафолатларини оширади.

Бундан ташқари, профессионал спортчилар ва мураббийларнинг молиявий жавобгарлиги хусусиятларини бирлаштириш таклиф этилади. Улар иш берувчига етказилган зарар учун тўлиқ товон тўлашлари керак, масалан, агар уларнинг нотўғри хатти-ҳаракатлари клубнинг жаримага тортилишига олиб келган бўлса. Бу зарур, чунки ҳозирги вақтда профессионал спортчилар ва мураббийлар тўлиқ молиявий жавобгарликка тортилмайди ва спорт федерациялари эса кўпинча молиявий санкцияларни қўллайди.

Ҳозирги вақтда спортчилар, мураббийлар ва иш берувчилар ўртасидаги низолар ихтисослаштирилган ҳакамлик судларида мулкий муносабатларни кўриб чиқишни назарда тутувчи ҳакамлик судлари орқали ҳал қилинади. Ўзбекистонда футболни ривожлантириш дастури лойиҳасида спортга оид низоларни ҳал этиш бўйича спорт федерациялари ва лигаларининг юрисдикция органлари мақомини бирлаштириш, спорт арбитраж судлари мақомини қонун билан белгилашни таклиф қилгандим.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига спорт низоларини кўриб чиқишнинг судгача бўлган мажбурий тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда. Бундай ёндашув спорт низоларини ҳал этиш бўйича давлат судлари ва суддан ташқари органлар функцияларининг такрорланишига йўл қўймайди, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида махсус билимга эга бўлган субъектлар томонидан низо тарафларининг бузилган ҳуқуқлари ўз вақтида ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Бундай ўзгаришлар натижаси жисмоний тарбия ва спортни янада барқарор ривожлантириш, меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, профессионал спортнинг асосий субъектлари манфаатларини мутаносиб ҳисобга олишда кўринади. Бироқ, профессионал спортчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ҳуқуқий тартибга солиш таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳали ҳам паст. Профессионал спортчининг ходим сифатидаги мақомини аниқлаш уларга меҳнат қонунчилигининг барча мажмуасини қўллашга олиб келади.

— Ўзбекистон Президентининг сўнгги йилларда спорт ва футболни ривожлантиришга доир қарорлари, олий даражадаги йиғилишларда муҳокама этилган ва қабул қилинган спорт масалаларига оид қарорлари самарадорлигини баҳолай оласизми?

— Мустақилликка эришилган 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан спорт ва футболни ривожлантириш бўйича кўплаб қарорлар қабул қилинган бўлса-да, вақт кўрсатганидек, ушбу ҳужжатларнинг сифати кўнгилдагидек эмас ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳар доим ҳам белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга олиб келавермайди. Жумладан, бундан уч йил аввал Ўзбекистон Президентининг 2030 йилгача футбол клублари акциялари давлат томонидан сотилишини назарда тутувчи фармони, шунингдек, клубларга ҳомийларни бириктириш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди. Савол туғилади: иқтисодий модел мавжуд бўлмаган тақдирда давлат давлат корхоналаридан ташқари қандай ҳомийни «тайинлаши» мумкин? Президент администрацияси бундай қарорларни чиқаришдан олдин мамлакатдаги профессионал футболнинг ҳақиқий аҳволини таҳлил қилганми? Бунинг учун зарур шароитлар яратилганми?

Хусусий бизнесни ҳозирча фақат мажбурий равишда жалб қилиш мумкин. Ўзбек футбол клубларининг бирортасини молиявий жиҳатдан истиқболли деб бўлмайди, уларнинг ҳеч бири ўз харажатларининг беш фоизини ҳам қоплай олмайди. Клублар телевидение ҳуқуқлари сотилишидан ҳеч нарса олмайдилар, майдонларга мухлислар ташрифи ҳам унчалик кўп эмас, Европанинг олий лигаларига ўтадиган ўйинчиларни тайёрлаш ва сотиш ишлари умуман олиб борилмайди. Бундан ташқари, тескари, регрессив жараён давом этмоқда: клублар ёпила бошлади. Масалан, ўнлаб йиллар давомида ўз «Металлург»ини барқарор молиялаштириб келаётган Бекобод металлургия комбинати жамоани қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Йилдан-йилга ўн миллионлаб долларлар беҳуда кетаётганини, стадионда мухлислар йўқлигини, Ўзбекистон терма жамоалари учун рақобатбардош футболчилар тайёрланмаётганини завод раҳбарияти жуда яхши тушуниб тургани учун клуб ўз фаолиятини тўхтатди.

— Нима қилиш керак?

— Биринчидан, сўнгги йилларда лигани айнан ким бошқараётганини тушуниб олишимиз, унинг барча кўрсаткичлари бўйича профессионал мусобақаларни чуқур таҳлил қилишимиз, энг муҳими, ўзимизга ёлғон гапиришни бас қилиб, ҳақиқатни айтишни ўрганишимиз керак. Ҳар доим инсон ёки ҳукумат хатоси билан эмас, балки хатога муносабати билан тавсифланади. ЎФА янги президентининг асосий вазифаларидан бири Спорт вазирлиги билан биргаликда ЎФА ва ПФЛнинг барча регламентларини мустақил текширишдан иборат.

— Диёр Имомхўжаев анчадан бери Лигани бошқариб келмоқда. ПФЛ ишида айнан нимадан қониқмаяпсиз?

— Келинг, ПФЛ раҳбарияти фаолияти ва унинг президенти лигани янада кучлироқ қилиш учун нималар қилганини холис таҳлил қилиб кўрамиз. ПФЛ пулига ишлаётган клуб раҳбарларининг ҳеч бири қўрқоқ ва принципиал эмас, чунки улар Имомахўжаевни ЎФА президенти Азизов қўллаб-қувватлаганини яхши тушунишади.

Лигада ҳеч қандай ислоҳотлар йўқ, аксинча, деградациянинг динамик жараёни бор; Бугунги кунда ПФЛ президенти учун идеал лига – «Металлург», «Заравшон», «Чирчиқ» клубларининг дафн этилиши, «Олимпик»нинг Суперлигада ўйнашдан бош тортгани, Про-лиганинг 8 тадан 6 тага қисқартирилгани ҳамда университет талабалари ва академиялар ёшларининг иштирок этиши, шунингдек, ЎФАнинг футбол менежерларини тайёрлаш бўйича ўз таълим дастури йўқлиги сабабли клубларда малакали менежерлар этишмаслиги.

ЎФА раҳбарияти фаолсизлиги сабаб, ПФЛ раҳбарияти профессионал футболни ўлдирмоқда.

2030 йилга келиб, президент қарорида кўрсатилганидек, давлат маблағидан воз кечадиган клублар ўрнига, биз йўқ бўлиб кетган клубларга дуч келамиз. Чунки на ЎФА, на ПФЛ, на Спорт вазирлиги хусусий инвесторлар пайдо бўлиши учун пинагиниям бузмаяпти.

Бутун мамлакат бўйлаб фақат битта фаол мухлис бор эди, у «Пахтакор«га сармоя киритишга қарор қилган Тошкентнинг собиқ ҳокими — Жаҳонгир Ортиқхўжаев. У янги стадион қуришга, Қибрайдаги базани тўлиқ реконструкция қилишга ҳамда клуб инфратузилмаси ва таъмирлаш ишларига яқин йилларда 100 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашга тайёрлигини айтди. Ўзбекистон Президентининг фармони чиққанига 3 йил бўлди, бироқ ҳаттоки Ортиқхўжаевга ҳам клуб акциялари берилмаган.

— Нега?

Сабаблари аниқ эмас. Давлат тузилмалари мотиви — қоронғу. Ўзбек профессионал футболи ҳали унчалик даромадли соҳа эмаски, клублар сотиб олиш учун тендер эълон қилинса. Уч йил давомида давлат органлари Ортиқхўжаев тузилмаларидаги улушларни рўйхатдан ўтказиш тартибини амалга оширмаган, гарчи у расман клуб президенти бўлса-да. Стадион ёпилган ва авария ҳолатида. Ортиқхўжаев клубни молиялаштириб, буни қарз сифатида расмийлаштиради. Тошкентнинг собиқ ҳокими келажакда нимага умид қилаётгани аниқ эмас. Балки, у охир-оқибат тўланмаган қарзлари учун акциялар чиқарар?

Аммо «Пахтакор» ва «Металлург» мисолида шундай хулосага келиш мумкинки, мамлакат президентига фармон тайёрлаётганлар ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммаларига олмайдилар, президентга популист қиёфа яратиб, унинг обрўсига путур етказадилар.

— Қандай пул ҳақида гап кетяпти? Ўзбек футболи қанча туради?

— Профессионал футбол лигаси, яни барча клублар биргаликда йилига 150 миллион доллар сарфлайди, давлат компаниялари ва маҳаллий бюджет маблағлари футболда қолмайди, чунки маблағнинг катта қисми маош ва трансферларга йўналтирилади. Ишончим комилки, Ортиқўжаев акцияларни қўлга киритишдан туриб «Пахтакор»ни сақлаб қолишдан бош тортади, чунки у қандай норентабел ва самарасиз тизимга катта миқдорда маблағ сарфлаши кераклигини англаб етган. Унинг ҳам ўзидан аввалги Алишер Усмонов каби клубни тарк этиши ва клуб охир-оқибат яна Тошкент ҳокимлиги балансига тушиб қолиши хавфи бор. Чунки «Пахтакор»нинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди.

— Ўзбекистонда футболни бошқариш тизимида ишлар қандай, бошқарув органи қанчалик самарали ишлайди?

— Ўзбек спорти ва футболидаги энг оғриқли масала – бошқарув тизими ва кадрлар сиёсатидир. Замонавий дунёда имитация деган тушунча мавжуд. У ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кириб борган. Имитация ЎФА раҳбариятини ҳам четлаб ўтмаган. Ассоциациянинг ижтимоий каналларига назар ташласангиз, оддий одам раҳбарият барча соҳаларда жуда фаол деган таассурот уйғотади: чиройли чизилган истеъдодларни ривожлантириш жадваллари, ўқув-машғулот йиғинлари ва танловлар ўтказилмоқда, ўқув курслари ва семинарлар фаол олиб борилмоқда. Аммо мутахассисларнинг ҳеч бири ушбу фаолият самарадорлигини мустақил малакали таҳлил қилишга қодир эмас.

— Аниқ мисоллар борми?

— Менинг раҳбарлигимда олиб келинган бир гуруҳ мутахассислар Ўзбекистонда футбол индустриясини ривожлантириш бўйича 170 бетдан иборат комплекс дастур лойиҳасини ишлаб чиқди, лекин бу борада Равшан Ирматовдан аниқ жавоб ололмадик. Мен ЎФАнинг ўша пайтдаги раҳбари Азизов бошчилигида ижроия қўмита иштирокида дастур лойиҳасини кенгроқ шаклда муҳокама қилиш ва тузатиш бўйича йиғилиш ўтказишни таклиф қилгандим, лекин бу ерда ҳам жимлик ҳукм сурди. Мен Азизовнинг маслаҳатчиси Раҳмитдин Зикрияевга ЎФА президентини ривожланиш дастури лойиҳаси билан таништириш ва у билан учрашув ташкил этиш таклифи билан мурожаат қилдим, лекин у шундай жавоб берди:

Ўзбекистон футбол ассосиасияси президенти Азизов жуда банд одам, футбол мавзусида икки бетдан ортиқ нарсани ўқимайди.

Унда барчага нисбатан компромат папкалари бор, лекин у ҳеч кимни қамоққа ташламайди. Мантиқий савол туғилади: агар у федерацияда ишламаса, коррупция фактларига қарамай ҳеч кимни қамоққа ташламаса, икки саҳифадан ортиқ ҳеч нарсани ўқимаса, ЎФА раҳбариятида бўш маслаҳатчи ўтирса, ЎФАга бундай президентнинг нима кераги бор?

— Сиз барибир ЎФА бошқарув органиижроия қўмитаси қандай ишлайди, деган саволга жавоб бермадингиз. Мен ЎФА сайтида у ерда ким ва кимни вакиллик қилишини, қандай қўмиталар ишлаётганини, уларнинг таркиби ва фаолиятини топа олмадим. Қурбонов келиши билан ўзгаришлар содир бўлармикан?

— Мен ЎФАда қандай яширин оқимлар борлигини ўрганишни бошлаганимда, Ассоциация раҳбарияти доирасида, айтиш мумкинки, Азизов ва Ирматов ўртасида «совуқ уруш» борлигини билдим. У ерда бирлик йўқ эди. Уларнинг ҳар бири ўз кадрларига эга эди ва уларнинг қарашлари бир-бирига мос келмасди. Яъни, бир пайтлар ички қарама-қаршилик юзага келган, Азизов ҳатто чаққон Имомхўжаев билан баъзи масалаларда маслаҳатлашган. Бироқ, ЎФА президенти компетент бўлсаса, уни манипуляция қилиш осон. Раҳбарга ким яқин бўлса, ҳақиқат унда. Бу «ҳақиқат» қанчалик адекват экани кўпинча аҳамиятсиз эди. Ишонаманки, ўзини қадрлайдиган ва ўз позициясини ҳимоя қиладиган ҳар қандай мутахассис ҳеч қачон раҳбарият раъига мослаша олмайди.

— Яна нималарга эътибор бердингиз?

— ЎФА аппарати ва ижроия қўмитаси мен таклиф қилган ривожланиш дастурини самарали амалга ошира оладими ёки йўқлигини тушунишга ҳаракат қилиб, мен ЎФА ижроия қўмитаси барча муҳим қарорларни қабул қилувчи орган сифатида ўтган йили бирорта ҳам йиғилиш ўтказмаганини аниқладим. Унинг таркибига футболга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар киради, аммо футбол субъектларининг ўзлари вакиллик қилмайди, гарчи Федерация Ассоциация деб ўзгартирилган бўлсада. Шу кунгача мазкур органда мураббийлар, ҳакамлар, аёллар футболи вакиллари йўқ.

Аслини олганда, футбол субъектлари фақат қоғоздагина мавжуд, лекин реал ҳаётда улар муҳим қарорларни қабул қилишда субъективликка эга эмас.

Қўмиталардан фақат юрисдикция органлари фаолият кўрсатмоқда, аммо уларнинг иш даражаси кўнгилдагидек эмас. ЎФАда ҳатто ривожланиш қўмитаси ҳам йўқ ва барча қарорлар қабул қилиш масалалари фақат бир шахс — Ассоциация биринчи вице-президенти Равшан Ирматов зиммасига тушади. Шунинг учун ЎФА раҳбарияти менга эксперт баҳоларини беролмади ва муқобил ривожланиш вариантларини тақдим этолмади.

Равшан Ирматов. sputniknews.ru сайти фотосурати

— Жумладан?

— Мен Ирматовдан аппаратдагилар бўш жадвалларни барча кўрсаткичлар бўйича профессионал мусобақалар, болалар ва ўсмирлар футболи ҳолати, клуб раҳбарларининг таълим-тарбияси батафсил таҳлил қилинган ҳолда тўлдиришларини сўрадим, лекин улар менга ҳеч нарса тақдим этишмади. Ривожланиш масалалари Ирматовнинг ўзига ва ФИФА расмийлари ҳомийлигида Бельгиядан таклиф этилган шубҳали малакали техник директор Гай Киарага қолди. Суҳбатда Гай Киара футбол фалсафаси ҳақида кўп гапирди, лекин аслида у футбол соҳасида мутахассислар тайёрлаш масаласида ҳам ҳеч нарсани тубдан яхши томонга ўзгартиришга қодир эмаслиги аён эди.

ЎФА бош котиби Аваз Мақсумовнинг ваколатлари ниҳоятда чекланган, у ҳатто имзо қўйиш ҳуқуқига ҳам эга эмас, гарчи у Ассоциация раҳбариятидаги иккинчи мартабали амалдор ҳисоблансада. Маълум бўляптики, Равшан Ирматов барча қарорларни бир ўзи қабул қиладиган автократга айланган, чунки ижроия қўмитаси ва қўмиталар ишламайди. Муҳим масалаларни Азизов билан келишиб, мустақил қарор қабул қилиш унинг учун осон бўлган.

Ривожланиш масалаларига келсак, мен ЎФАнинг Ўзбекистонда яқин йиллар учун футболни ривожлантириш бўйича тасдиқланган стратегияси ёки дастури йўқлигини аниқладим. Барча вилоятларда ҳудудий академиялар тармоғи яратилган, бироқ мен бу масалани ўрганишни бошлаганимданоқ, мавжуд мактабларни модернизация қилиш қатъий белгиланган техник талаблар асосида амалга оширилмаётгани маълум бўлди. Академиялар зарур жиҳозлар билан таъминланмаган. Ҳудудларда саралаш қандай ўтказилмоқда, ҳудудий мусобақалар қай даражада ўтказилмоқда, академия битирувчилари келажакда кимлар ҳуқуқига эга бўлишади, улар қачон профессионал футболчи бўлишади, давлат ва ЎФА томонидан катта маблағлар қаерга йўналтирилган – булар жавобсиз қолган саволлардир.

— Дастурингиз ҳақида гапириб берсансиз. Унда академиялар фаолияти қандайдир тарзда ёритилганми?

— Академиялар эмас, балки нафақат талантлар, балки футбол соҳасидаги мутахассисларни ҳам тайёрлайдиган ҳудудий марказлар. Дастурда мазкур марказлар фаолияти натижасида марказ нимадан иборат бўлиши ва унинг функцияси нимадан иборатлиги, уни қандай бошқариш ва самарадорлик мезони қандай бўлиши кераклиги батафсил баён этилган. Мен бу талабларни ўзим ўйлаб топмаганман, балки Европанинг ривожланган футбол давлатларини ўрганган тажрибамдан келиб чиқиб, мутахассислар билан биргаликда шакллантирганман. Ва «академия» сўзи марказ функцияларини сезиларли даражада чеклайди. Футбол бўйича захира ва мутахассисларни тайёрлаш бўйича ягона ишлаб чиқилган методикага эга бўлган республика, ҳудудий ва маҳаллий даражадаги уч босқичли марказлар тизимини яратиш зарур.

Дўстликда ФИФА ва ФАУ маблағлари ҳисобидан миллий марказ қурилиши жадал суръатларда давом этаётган бўлса-да, ҳозирча вилоят марказлари йўқ. Ирматов ушбу академияларни назорат қилган, бироқ кейинчалик Азизов кураторлик вазифасини бошқа вице-президент Одил Аҳмедовга топширган. Мен у билан академияларни қандай ривожлантириши борасида бир соат суҳбатлашдим, лекин у битта саволга ҳам жавоб бермади. Шубҳасиз, Одил вице-президент сифатида бундай ишга тайёр эмас. У академиялардаги фаолиятини Ирматов қўйган раҳбарларни ўз одамлари билан алмаштиришдан бошлаган ва шу билан бирга собиқ Республика махсус мактаб-интернатида ҳудудида ўз академиясини ташкил қилган. Молиявий имкониятларига қарамай, Одил футбол менежменти ва ҳуқуқшунослиги бўйича Европа университетларининг бирортасига бормаган, тегишли таълим олмаган, лекин у муносиб равишда вице-президент этиб тайинланганига амин, чунки у футбол ўйнаган, аммо яхши ҳайдовчи яхши гараж мудири дегани эмас, ахир.

Якуни бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ