Биз Андрей Кудряшовнинг Ўзбекистондаги муқаддас қадамжоларга ҳамда зиёрат анъаналарига бағишланган тарихий очерклар туркумини чоп этишда давом этамиз. Бугунги материалимизда сир-асрорлари шу чоққача очилмаган ғаройиб ибодатхона ҳақида ҳикоя қиламиз.
Мечкайлик, пиёнисталик ва жимо
Ўзбекистон тарихидаги ечилмаган жумбоқларидан бири сифатида Тошкент вилоятининг саноат шаҳри Олмалиқ яқинидаги ерости Қорахона ибодатхонасини мисол қилиб келтириш мумкин.
Қурама тоғ тизмасининг қурғоқчил этакларида жойлашган ёлғиз иншоот илк бор илмий тарзда 1934 йилда таниқли совет академиги Михаил Массон томонидан таърифланган. Олимларга кўра, турли тарихий даврларда ушбу ғаройиб объект маъжусийлар ибодатхонаси, ўрта аср ҳукмдорларининг қасри ҳамда мусулмонлар масжиди бўлган бўлиши мумкин эди. Ташқи кўринишдан атрофдаги тепаликлардан деярли фарқ қилмайдиган, баландлиги 22 метр келадиган қия қўрғоннинг ичкарисида умумий майдони 60Х48 метрли зал ва йўлаклар лабиринти жойлашган. Икки ярусли лабиринт ўзаро тор дарчалар билан боғланган бўлиб, уларга тупроқли пилапоялар орқали чиқиб-тушилади. Марказий хонақонинг вақт таъсири остида чўкиб қолган гумбазини илгари ёғоч тўсинлар кўтариб турган. Хонақодан турли тарафларга қараб роҳибларнинг ҳужраларини эслатувчи чуқур токчали радиал галереялар тарқалиб кетган. Археологик тадқиқотлар давомида моддий топилмалар унчалик кўп чиқмади, шунинг учун ҳам археологлар ва тарихчилар бу хоналар аввали бошдан қандай мақсадда қурилгани борасида бирор якдил фикрга келмадилар. Бироқ улар бу борада бир қатор ажабтовур гипотезаларни кўтариб чиқдилар.
Мисол учун, академик Массон аҳоли яшайдиган масканлардан етарли даражада олис масофада жойлашган Қорахонанинг ер ости ҳужралари Исломда тақиқланган секта ва мазҳабларнинг аъзолари учун яширин бошпана бўлиб хизмат қилган бўлиши мумкинлиги борасида тахмини бор. Шунақанги таъқиб остига олинган секталар қаторида эронлик ваъзгўй Манининг издошларини қайд этиб ўтиш мумкин. Месопатамияда милоднинг биринчи минг йиллигида насроний гностиклари орасида пайдо бўлган манихейлик таълимоти Ўрта асрларнинг бошланишидаёқ Ғарбий Европадан Гоби чўлларигача тарқалишга улгурди. Унчалик узоқ бўлмаган муддат давомида манихейлик ҳатто Уйғур ҳақонлигининг давлат дини бўлиб хизмат қилишга ҳам улгурди.
Манихейликдаги дунёнинг яратилиши ва тузилиши ҳақидаги тасаввурлар дунё динларидан фарқ қилса ҳам, анча ғоялари улардан олинган. Шу важдан ҳам Мани издошлари ўрта асрлар Европасида христиан инквизицияси ҳамда дунёвий давлатлар ҳукмдорлари томонидан шавқатсиз равишда таъқиб остига олинган. VIII асрдан бошлаб мусулмон ҳалифаларининг таъсир доирасига тушиб қолган Марказий Осиёда ҳам манихейлар ёвуз кофир сифатида кўрилиб, омма олдида қатл этиларди. Уларнинг таълимотига кўра, Тангри Тааъло тарафидан яратилган руҳ ўзини васваса, залолат ва гуноҳлардан покланиши керак. Бироқ, манихейларнинг Шарққа хос таркидунёчилик анъанаси билан бирга, ўша пайтларда татнтризмдан бошқа динлардан бирортасига маъқул келмайдиган ахлоқ ва услубларни қўллашлари таъкидланади. Мисол учун, манихейлар мечкайлик, пиёнисталик ва меъёрдан зиёд жимоъга йўл қўйишлари ҳақида гапирилади. Айтилишича, гўё мазкур иллатлар ботқоғидан кечиб ўтган одамлар уларга нисбатан жирканиш ҳиссиётини олиб чиқадилар.
Бу каби иллатлар ортодоксал руҳонийлар вакиллари томонидан диндорларда манихейларга нисбатан жирканиш ва нафрат ҳиссиётини уйғотиш учун ўйлаб чиқарилган гаплар бўлиши эҳтимоли жуда катта.
Бироқ рус тарихчиси Лев Гумилёвнинг тахмин қилишича, инсоният тарихида илк бор Уйғур ҳақонлигида манихейликни давлат дини сифатида қабул қилиниши бу давлатга нисбатан қўшни давлатларнинг муросасиз нафратини келтириб чиқарди. Конфуцийликка эътиқод қиладиган Хитой, шунингдек, шомонлик ва несториан мазҳабидаги насронийликка эътиқод қилувчи туркий ва мўғул қабилалари шунақанги ғанимлар қаторида эдилар.
Пировардида, ахлоқий бузуқлик ва анъанавий жамият негизларининг ичидан емирилиши ҳамда қўшниларнинг ҳарбий юришлари натижасида Уйғур ҳақонлиги парчаланиб бутунлай вайрон бўлди. Мусулмон мамлакатларида зиндиқлар дея аталувчи манихейлар ўз динига фақат жуда ҳам маҳфий равишда эътиқод қилишлари мумкин эди. Улар Аббосийлар сулоласидан бўлган ҳалифа ал-Маҳдий томонидан VIII асрда тузилган “мусулмон инквизициясидан” ўлгудек қўрқишар эди.
Қишда илиқ, ёзда салқин
Олмалиқлик археолог Олег Ростовцев 1992 йилда Қорахонада милоднинг биринчи минг йиллиги ўрталарига тааллуқли янги археологик топилмаларни кашф этди. У бу ерда аввал зардўштийларнинг ибодатхонаси бўлиб, кейинроқ эса кўҳна Шош вилояти билан яқиндан боғлиқ туркий Илоқ давлати ҳукмдорларининг ёзги қароргоҳи бўлган, дея тахмин қилган эди.
Тункет дея аталувчи Илоқ давлатининг пойтахти археологлар томонидан Қорахонадан олти чақирим шимолроқда, ҳозирги Саржайлак посёлкаси ўрнида кашф этилган. “Яйловлар юрти” маъносини англатувчи Илоқда Чингизхон истилосидан олдин IV-XII асрларда кўплаб аҳоли яшайдиган манзиллари бўлган. Бу ерда темир рудаси қазиб чиқарилган, металл эритилган, гавжум карвон йўллари бўйлаб савдо қайнаган ва ўзининг тангалари зарб қилинган. Тошкент вилоятидаги баъзи туманлар аҳолиси ўзларини шу чоққача илатлар деб атайдилар. Ростовцевга кўра, бу каби аҳолиси зич ва ривожданган вилоятда тақиқланган секталарнинг яширин бошпаналари бўлиши эҳтимоли жуда ҳам кам.
Қорахонанинг кўпмаъноли шуҳрати анча кечроқ даврда ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин. Илоқ ҳукмдорлари ёзда ўз қароргоҳларини соҳилбўйи ботқоқларидан анча соғлом ва салқин жойга кўчиришар эди.
Бироқ мўғуллар босқинидан сўнг уларнинг қасри вайронага айланиб кетган бўлиши эҳтимоли бор. Пахсадан қурилган қасрнинг сиртқи кўриниши вақт таъсири остида худди унинг пойдеворлари остидаги зардуштийлик ибодатхонаси изсиз йўқолиб кетгани сингари нураб кетди. Бироқ пайдо бўлганидан бери на ёмғир ва на шамол кирадиган қўрғон ичкарисида яшаш учун мутлақо яроқли ерости хоналари сақланиб қолди. Ўрта асрларининг мусулмон жаҳонгашта роҳиблари – дарвишлар айнан шу ерда ўзларига бошпана топдилар. Ҳозирги кунларгача тариқат мутасаввифларига нисбатан шубҳа назари билан қарайдиган ва ҳатто баъзи ҳолатларда уларнинг баъзи вакилларини кофирга чиқариб қўйган ортодоксал Ислом ортиқ даражадаги таркидунёчиликни ва зоҳидликни маъқулламайди. Шунга қарамай, туркий тиллардаги Қорахона номини ижобий маънода қўллаш лозим. Яъни, бу “қора” хона, яъни ўтмиши тунд афсона ва ривоятлар билан қоронғу қора қасрни эмас, балки аксинча – катта, кучли, бой маъносини бераётган бўлишга ҳақли: шу ерда унинг собиқ эгалари – Илот ҳукмдорларини эслаш кифоя. Вақт ўтиб кўҳна ибодатхонанинг муҳмал обрўси мусулмон фидоийларининг сай-ҳаракатлари билан тўла-тўкис тикланди.
XIX асрда ўзининг тақвоси ва кароматлари билан танилган Нақшбандия тариқатининг шайхи Эшмуҳаммад Қорахона қўрғонини зиёратчилар эҳтиёжи учун узил-кесил мослаштирди. Қишда илиқ, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида ҳам салқин қоладиган ерости ҳужралари суфийларга чилла маросимини ўтказиш учун жуда қулай. Қирқ кун давом этадиган покланиш маросими мутлақо ёлғизликда ўтиши лозим. Кўп ҳолларда йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келадиган покланиш маросимида чилла ўтиришга ният қилган кимса ҳатто ўзининг маслакдошлари билан ҳам мулоқотда бўлмаслиги, кун ва тунларини фақат ибодат ва зикрда ўтказиши лозим. Суви қочган нон ва сувдан иборат егуликни унинг эшиги олдида қолдириб кетишади. Бунақанги маросимлар Марказий Осиёнинг кўплаб бурчакларида ва биринчи навбатда қизиқувчан қишлоқилар халақит бермайдиган жойларда сақланиб қолган. Маҳаллий аҳоли вакиллари 2006 йилда айтиб берган маълумотларга кўра, суфийлар бугунги кунгача ер ости галереяларидан чилла тутиш учун фойдаланиб келадилар. Бироқ кейинги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда ўтказилаётган диний амалиётлар расмий уламоларнинг назоратисиз қолишини маъқулламагани боис суфийлар Қорахонада силла ўтириш амалиётидан воз кечишга мажбур бўлдилар. Шунга қарамай, ёдгорлик объектининг ўзи қониқарли аҳволда сақланмоқда ва бу ерга Олмалиқдан Қаулди тоғ конига олиб келадиган автомобиль йўли орқали келаётган зиёратчилар учун доим очиқ.
Андрей Кудряшов фотосуратлари / «Фарғона"
-
29 Июнь29.06Шойи булутларШарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
16 Август16.08«Халқ ва давлат: АЭС бўйича референдум ким тарафида?»Қозоғистонда шу номдаги масалага бағишланган «Трансчегаравий журналистика» лойиҳаси ишга туширилди
-
13 Август13.08Париждан медаллар биланМарказий Осиё спортчиларининг 2024 йилги Олимпиада ўйинларида эришган натижалари ҳақида
-
12 Август12.08Минтақанинг ўзига хос одимиМарказий Осиё давлатлари президентлари Остонадаги учрашувда умумий манфаатларни илгари суриш тарафдори бўлдилар
-
15 Июль15.07Сув балосидан асрасин!Ўш вилояти аҳлининг табиий офатларга қарши тургани ҳақида