Россияда вақтинча ва доимий яшаш рухсатномалари ҳамда бошқа миграция хизматлари учун давлат божлари оширилди

2026 йил 27 июлдан бошлаб Россияда вақтинча яшаш рухсатномаси (РВП), доимий яшаш рухсатномаси (ВНЖ), Россия фуқаролигини олиш ва бошқа миграция хизматларини расмийлаштириш учун давлат божлари оширилади. Айрим хизматлар нархи ўн баробардан ҳам кўпроққа кўтарилган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги Миграция масалалари бўйича бош бошқармаси матбуот хизмати мамлакат ҳукумати тегишли қарорга таяниб хабар берди.

Жумладан, Россия фуқаролигига қабул қилиш ва ундан чиқиш анча қимматлашади. Бу ҳолатда давлат божи 4200 рублдан (54 доллар) 50 000 рублга (640 доллар) оширилди. Шу билан бирга, бошқарма маълум қилишича, айрим тоифадаги фуқаролар учун бундай тўловлар назарда тутилмаган. Бу — аввал СССР фуқароси бўлганлар, ватандошларни кўчириш дастури орқали Россия паспортини олаётганлар ёки Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган шахсларга тааллуқли.

РВПни расмийлаштириш учун тўлов 1920 рублдан (24 доллар) 15 000 рублга (192 доллар) оширилди. Агар ушбу ҳужжат таълим олиш мақсадида керак бўлса (талабалар учун вақтинча яшаш рухсати), давлат божи 8000 рублни (102 доллар) ташкил этади.

Бугунги кунга қадар ВНЖни (доимий яшаш гувоҳномаси) расмийлаштириш 6000 рублб (77 доллар) турар эди, энди эса давлат божи 30 000 рублга (384 доллар) оширилди.

Миграция хизмати маълум қилишича, махсус ҳарбий операция даврида Россия армиясида камида бир йил муддат хизмат ўташ бўйича шартнома тузган хорижликлар РВП ва ВНЖни расмийлаштириш учун давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Шунингдек, қуйидаги хизмат турлари ҳам қимматлашди:

✅ кириш/чиқиш визаси — 1200 рублдан (15 доллар) 2000 рублга (25 доллар) ошди;

✅ кўп марталик виза — 1920 рублдан (24 доллар) 6000 рублга (77 доллар) ошди;

✅ кириш учун таклифнома — 960 рублдан (12 доллар) 8000 рублга (102 доллар) ошди;

✅ хорижий ишчиларни жалб қилиш учун рухсатнома — 12 000 рублдан (153 доллар) 15 000 рублга (192 доллар) ошди;

✅ ишлаш учун рухсатнома — 4200 рублдан (54 доллар) 5000 рублга (64 доллар) ошди.

Шу билан бирга, уч турдаги хизматлар учун давлат божи бекор қилинади: ҳарбий хизматчилар учун ВНЖ расмийлаштириш, Россия фуқаролиги мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш.

Янги мажбурий тўлов миқдорлари 27 июлдан бошлаб давлат органларига топширилган аризаларга нисбатан қўлланилади. Аммо агар давлат божи олдиндан (эски нархлар бўйича) тўланган бўлса ва ҳужжатлар кўрсатилган санадан кейин топширилса, фуқаролар нархлар ўртасидаги фарқни қўшимча тўлаши ва миграция бўлимига иккита тўлов квитанциясини тақдим этиши керак бўлади.

Қонунчиликка кўра, хорижликлар тўланган давлат божини тўлов қилинган кундан бошлаб уч йил ичида қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Жумладан, ортиқча тўлов қилинган ҳолатларда ёки мигрант хизматдан фойдаланишдан воз кечганида, яъни пулни ўтказиб, аммо ҳужжатларни топширмаган тақдирда, маблағ қайтарилиши мумкин. Одатда, пулни қайтариш жараёни бир ой ичида амалга оширилади.

Бироқ, Россия Ички ишлар вазирлиги тушунтиришича, агар фуқаро давлат органидан масалан, тўланмаган судланганлик ҳолати мавжудлиги каби асослар бўйича хизмат кўрсатишни рад этиш ҳақида қарор олган бўлса, давлат божи қайтарилмайди.

Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володиннинг айтишича, давлат божларининг ҳозирги оширилиши федерал бюджетга ҳар йили қўшимча равишда 15 миллиард рублдан ортиқ (192 миллион доллардан зиёд) маблағ тушишини таъминлайди.

«Хорижий фуқароларнинг мамлакатимизда бўлиши иқтисодий жиҳатдан асосланган бўлиши керак. Улар эса нафақат ўзини, балки оиласини ҳам таъминлай оладиган, қонунларга риоя қиладиган, рус тилини биладиган, анъаналаримиз, тарихимиз ва маданиятимизни ҳурмат қиладиган ҳамда ўзи яшаш учун танлаган мамлакатга фойда келтирадиган етук шахслар бўлиши лозим», — дея қўшимча қилди парламент қуйи палатаси раиси.