Ўзбекистон аэропортлари 2025 йили 15,5 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди

gazeta.uz сайти фотосурати

2025 йили Ўзбекистон аэропортлари жами 15,5 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15% га кўп. Улардан 12,7 миллиондан ортиқ йўловчи халқаро йўналишларда, тахминан 2,8 миллион йўловчи эса ички йўналишларда саёҳат қилган. Ушбу статистикани Uzbekistan Airports матбуот хизмати тақдим қилди.

Компания ўтган йил барқарор ривожланиш йили бўлганини таъкидлайди. Барча асосий соҳаларда — йўловчилар ташиш, рейслар сони ва юк ташишда ижобий тенденциялар қайд этилган.

Январдан декабргача Ўзбекистон аеропортлари 128 972 та рейсни амалга оширган, бу бутун 2024 йилга нисбатан 14% га кўп. Улардан 92 480 таси халқаро ва 36 492 таси ички рейслар бўлган.

Юк ташиш сегментида ҳам ижобий статистика кузатилмоқда. Ўтган йили мамлакат аэропортлари орқали 98 000 тоннадан ортиқ юк ва почта ўтган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 12% га ошган.

Компания Ўзбекистон аэропортларидан фойдаланувчи авиаташувчилар рўйхатига тўртта янги компания қўшилганини таъкидлайди: Хитойнинг Air China ва China Eastern, Кореянинг TWay ва Малайзиянинг Air Asia.

«2025 йил якунлари Ўзбекистон авиация соҳасининг изчил ривожланаётганини, халқаро қатновлар фаоллиги ошиб бораётганини ҳамда ички авиақатновлар босқичма-босқич кенгаяётганини кўрсатди», — дейилади Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарида.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йили Ўзбекистон аэропортлари 13,5 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Бу йўловчиларнинг аксарияти халқаро йўналишларда бўлган. Ўшанда республика аэропортларига ташриф буюрувчилар сони ўтган йилги статистикага нисбатан 30% га ошганлиги аниқланганди.

2024 йилги ҳисоботда шунингдек, рейслар сони ҳам 2023 йилга нисбатан деярли учдан бир қисмга ошиб, 113 622 тага етгани айтилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ