Ҳазрати Усмон Қуръони Ислом цивилизацияси маркази музейига кўчирилди

Ҳазрати Усмон Қуръони. «Фарғона» фотосурати

Ислом дунёсининг энг қадимий ёдгорликларидан бири бўлган Ҳазрати Усмон Қуръони Тошкентдаги Ўзбекистон Ислом Цивилизацияси Марказининг (ИЦМ) Қуръон залига кўчирилди.

Қуръон музейга Ҳазрати Имом мажмуасининг бир қисми бўлган Мўйи Муборак мадрасасидан олиб келинди. Ҳозирда у Ислом Цивилизацияси Марказининг Қуръон залида сақланмоқда. Кўргазма залнинг марказида жойлашган. Қадимги китоб зирҳли шиша остида, ҳарорат ва намликни назорат қилиш каби барча зарур чоралар кўрилган. Дарвоқе, бу ерда юздан ортиқ бошқа Қуръон китоблари ҳам жойлашган.

Бугун, 14 ноябрь куни Қуръон зали «Марказий Осиё ва Озарбайжон: умумий маънавий ва маърифий мерос — умумий келажак» мавзусидаги халқаро конгресс иштирокчилари учун ўз эшикларини очди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, Марказий Осиё халқаро институти ҳамда Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) ҳамкорлигида 13 дан 15 ноябргача ўтказилади.

ℹ️ Ҳазрати Усмон Қуръони ёки куфийда битилган «Самарқанд Қуръони» учинчи халифа Усмон қони сачраган деб ишониладиган энг қадимги қўлёзма ҳисобланади. У VII асрда ёзилган. 1997 йили ЮНEСКО қўлёзмани «Жаҳон хотираси» реестрига киритган.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

  • Шарқ музейининг Ўрта Осиё зали бўйлаб видеосаёҳат

  • Тошкентдаги Human House арт-майдонининг яратувчилари ўз уйларини бузилишдан сақлаб қола оладиларми

  • 9 май куни Ўзбекистон телеканаллари янги ҳарбий-тарихий фильмларни намойиш этади

  • Ўзбек мусиқачилари уйда ўтириб Равелнинг «Болеро» асари ижросини ёзишди