Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нуфузли Prix Versailles халқаро архитектура мукофоти танлов қўмитаси томонидан тузиладиган дунёдаги энг гўзал музейлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Prix Versailles бош котиби Жером Гуадин ўз мактубида маълум қилди, деб хабар беради ИЦМ матбуот хизмати.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Prix Versailles 2026 глобал рўйхатига киритилиши «Марказни минтақанинг меъморий доминанти ва жаҳон миқёсида Ўзбекистоннинг замонавий маданий тикланиши рамзи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди», дея таъкидлади.
Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Grand Prix Versailles унвонини, ҳамда «Интерьер» ва «Экстерьер» номинациялари бўйича совринларни олишга даъво қилмоқда. Ушбу унвонлар ғолибларини тантанали равишда эълон қилиш 2026 йил охирига режалаштирилган.
Глобал рейтинг инновационлик, креативлик, миллий меросни акс эттириш ва экологик самарадорлик каби мезонлар асосида шакллантирилади, деб таъкидлайди ИЦМ матбуот хизмати.
Prix Versailles — ҳар йили янги архитектура, маданий ва эстетик муҳитни шакллантирадиган ажойиб замонавий лойиҳаларни тақдирлайдиган дунёдаги энг нуфузли мукофотлардан бири ҳисобланади.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилмоқда. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилмоқда. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Марказнинг энг асосий қисмида Қуръони карим зали бунёд этилмоқда. Бу ерда 460 ўринли анжуманлар зали ҳам қуриб битказилди. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



