Қирғизистон парламенти интернетда ҳақорат ва туҳмат қилганлик учун жарима солинишига оид қонун лойиҳасини қабул қилди

kpcdn.net сайти фотосурати

Қирғизистон Жогорку Кенеши (парламенти) депутатлари оммавий ахборот воситалари ва интернетда ҳақорат ва туҳмат учун жарима солишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Тўғри, якуний ҳужжатдаги жарима миқдори ташаббус муаллифлари таклиф қилганига нисбатан камайган, дея аниқлик киритади Kaktus.media нашри.

Дастлаб, республика ҳукумати томонидан таклиф этилган лойиҳада «Қоидабузарликлар тўғрисида»ги Кодексга «Оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтида ёки интернетдаги сайт саҳифасида туҳмат ва ҳақорат қилганлик» моддаси киритилиши назарда тутилган эди. Шу билан бирга, қоидабузарлар фуқароларга 100 минг сом (1150 доллар), юридик шахсларга эса 200 минг сом (деярли 2300 доллар) миқдорида жарима солиш режалаштирилган эди.

Аммо парламентдаги муҳокамалардан сўнг депутатлар жазоларни сезиларли даражада камайтиришга қарор қилишди. Натижада қуйидаги жазо турлари қабул қилинди:

✅ жисмоний шахслар учун жарима — 20 минг сом ($230);

✅ компаниялар учун жарима — 65 минг сом (747 доллар).

Бундан ташқари, Жогорку Кенеш вакиллари Маданият вазирлигини оммавий ахборот воситалари ва интернетдаги туҳмат билан боғлиқ ишларни кўриб чиқувчи органлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилиши кўзда тутилган, шундан сўнг мазкур бошқарма ходимлари судга материалларни тақдим этади.

Қайд этилишича, парламентнинг 19 декабрдаги йиғилишида қонун лойиҳасини якуний шаклда рўйхатдан ўтган 80 депутатдан 68 нафари қўллаб-қувватлаган, тўрт нафари қарши овоз берган.

ℹ️ Қирғизистон ҳукуматининг интернетдаги ҳақорат ва туҳмат учун жарима тўлаш бўйича ташаббуси жорий йил август ойида Жогорку Кенеш томонидан қабул қилинган эди. Кўпгина жамоат арбоблари жарима миқдори ҳаддан ташқари юқори эканидан ғазабланишди. Жумладан, республика Омбудсмани Жамила Джаманбаева шундай фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра, санкциялар мутаносиблик тамойилига мос келмайди, чунки қоидабузарлик содир этганлик учун жазо жиноят содир этганликдан сезиларли даражада кам бўлиши керак. Лекин туҳмат ва ҳақорат жиноий ҳаракатга кирмайди. У қонун лойиҳаси муаллифлари таклиф қилганидек, Маданият вазирлиги эмас, балки судлар жарима солиш билан шуғулланиши кераклигини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ