Қирғизистонлик журналист Болот Темиров матбуот эркинлиги мукофотига сазовор бўлди

Болот Темиров

АҚШда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (Committee to Protect Journalists, CPJ) қирғизистонлик журналист ва медиа менежери Болот Темиров 2025 йилги Халқаро матбуот эркинлиги мукофоти билан тақдирланганини эълон қилди.

Болот Темиров Қирғизистон расмийларининг мустақил матбуотга нисбатан кескин босими остида сўз эркинлиги учун курашдаги жасорати ва матонати учун мукофотланди. Темиров Марказий Осиёдаги энг таниқли коррупцияга қарши курашувчи Temirov Live каналини бошқаради, у YouTube канали форматида ишлайди ва журналистлар хавфсизлик борасида жиддий таҳдидларга учраётганига қарамай, Қирғизистон президенти каби юқори лавозимли амалдорлар устидан суриштирув материалларини нашр этади.

Темировнинг асосий ютуқлари орасида 2020 йилда унинг раҳбарлигида Factcheck.kg нашриёти Bellingcat билан ҳамкорликда қирғизистонлик амалдорнинг кенг кўламли коррупциясига оид қўшма тергов материалини нашр этгани бор. Ушбу журналистик суриштирув ишлари сайловлардаги фирибгарлик далиллари туфайли одамлар орасида ғазаб тўлқинини келтириб чиқарди ва 2020 йил октябрь ойида ҳукумат ағдарилиши билан якунланган оммавий норозилик намойишларига олиб келди.

Ҳукумат томонидан таъқибларга, жумладан, 2020 йили калтаклангани ва 2022 йили унга яширин гиёҳванд моддалар ташлаб қўйилганига қарамай, Темиров Европада сургунда бўлишига қарамай журналистик фаолиятини давом эттирди. 2025 йил октябрь ойида Бишкек суди Temirov Live, Kloop.kg ва «Айт айт десе» нашрларини экстремист деб эълон қилди. Temirov Live директори Махабат Тажибек қизи оммавий тартибсизликларни қўзғатиш айблови билан олти йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда.

ℹ️ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси – 1981 йили ташкил этилган, бош қароргоҳи Нью-Йорк шаҳрида жойлашган халқаро нодавлат ташкилоти ҳисобланади. Ташкилот бутун дунё бўйлаб журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, матбуотга қилинган ҳужумларни ҳужжатлаштиради, таъқиб қилинган журналистларга ёрдам беради ва матбуот эркинлиги ҳолати бўйича тадқиқотлар олиб боради. CPJ — бу хусусий хайриялар ҳисобидан молиялаштириладиган мустақил, нотижорат ташкилот. CPJнинг Матбуот эркинлиги мукофоти билан одатда янгиликларни ёритгани учун калтакланган, таҳдид остида бўлган, қўрқитилган ва қамоққа ташланган журналистлар тақдирланади.

ℹ️ Болот Темиров Қирғизистондан ушбу нуфузли халқаро мукофотни олган иккинчи журналист бўлди, бу мукофотнинг биринчи соҳиби — Қирғизистон қамоқхонасида вафот этган журналист, инсон ҳуқуқлари фаоли ва маҳаллий «Ҳаво» инсон ҳуқуқлари гуруҳи директори Азимжон Асқаровдан сўнг 13 йил ўтиб содир бўлди. Асқаров минтақавий янгиликлар айтларида, жумладан, «Озодлик овози» ва «Фарғона» нашрларида инсон ҳуқуқлари бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасидаги коррупция, маҳбусларнинг қийноққа солиниши ва ҳукуматнинг бошқа суиистеъмолликларини фош қилувчи материалларини нашр этганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ