Бишкекдаги «Дордой» бозорининг солиқ назоратчилари коррупцияда гумонланиб қўлга олинди

akchabar.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Бишкекдаги «Дордой» бозорида тадбиркорлардан солиқ йиғимларини назорат қилган Давлат солиқ хизмати (ДСХ) нинг беш нафар вакилини қўлга олди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идорасига таяниб, Kaktus.media хабар берди.

Махсус хизмат хабарига кўра, тергов жараёнида «Дордой» бозорига масъул бўлган Давлат солиқ хизмати ходимлари коррупцион схема ташкил қилиб, тадбиркорларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлашига шароит яратиб бергани маълум бўлди. Шу билан бирга, гумонланувчилар савдогарлардан «хизматлари» учун 5-6 йил давомида ҳақ олганлар, дея таъкидлайди МХДҚ.

«Дордой» мажмуаси ҳудудида 600 дан ортиқ савдо шохобчалари мавжуд бўлса-да, фақат 400 нафар тадбиркордан солиқ ундирилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аниқлик киритишича, мазкур ҳолат юзасидан Давлат солиқ хизмати ходимларига нисбатан республика Жиноят кодексининг «Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси билан иш қўзғатилган. Барча қўлга олинган шахслар вақтинчалик сақлаш изоляторига жойлаштирилган.

Бундан ташқари, МХДҚ пойтахтдаги қурилиш материаллари савдосига ихтисослашган яна бир бозор – «Баткен-комфорт» раҳбариятининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Бозор директори, унинг ўринбосари ва ҳисобчи-кассир қамоққа олинган.

Тергов маълумотларига кўра, гумонланувчилар ҳар ой савдогарлардан қўриқлаш хизмати учун 500 (5,6 доллар) дан 2000 сўмгача (22 доллар) пул ундиришган. Шундай қилиб, улар йилига 3 миллион сўмдан (33,5 минг доллар) кўпроқ «ишлаб олишган». Аслида, қўриқлаш хизмати ижара шартномасига киритилган ва унга қўшимча равишда ҳақ тўланмайди.

«Ушбу жиноий ҳаракатлар орқали бозор раҳбарияти солиқ тўлашдан бўйин товлаган, шунингдек, ижарачилардан ундирилган маблағларни ноқонуний ўзлаштирган ҳолда савдогарлар ва бозор ишчиларига тегишли қулай шароит яратмаган», — дейилади махсус хизмат хабарида.

Шунингдек, терговчилар жорий йилнинг август ойида ижара ҳақи асоссиз равишда 33 фоизга оширилганини аниқлашган. Шунингдек, архитектура-қурилиш меъёрлари бузилиши, савдо майдончаларини ноқонуний жойлаштириш ҳолатлари аниқланган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг қўшимча қилишича, «Баткен-комфорт» бозорининг ҳақиқий эгаси мамлакат Бош вазирининг собиқ ўринбосари ва Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Асқарбек Шодиевдир. Бироқ, унинг жиноий жавобгарликка тортилиши номаълум.

Айни пайтда бир қанча савдо-бозор мажмуалари раҳбарияти тадбиркорлар учун ижара нархлари арзонлашганини маълум қилди:

✅ «Кербен» савдо маркази — 30% чегирма;

✅ «Дордой авто эҳтиёт қисмлари» — чегирма (ҳажми номаълум);

✅ «Оберон» савдо маркази — 20% чегирма;

✅ «Аламедин» бозори — 30% дан 50% гача чегирма.

Эслатиб ўтамиз, барча савдо корхоналари ўз қарорларини бир хил мазмунда изоҳлаганлар: «Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг солиқ ислоҳотини қўллаб-қувватлаш, молиявий юкни енгиллаштириш ва ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётга ўтиш сиёсатига ҳисса қўшиш».

6 декабрь куни МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев савдо мажмуалари эгаларига сотувчиларнинг ҳаётини енгиллаштириш учун ижара нархини камида икки баробарга камайтиришни таклиф қилганди. Шу билан бирга, у савдо мажмуаси эгаларига савдогарларнинг иш шароитларини яхшиламасалар, ҳукумат бозорларни миллийлаштиришини айтиб таҳдид қилганди.

Икки кундан кейин Ташиев яна савдо тизимига эътибор қаратди. Махсус хизмат раҳбари ўз қўл остидагиларига тадбиркорлар, жумладан, савдо мажмуалари эгаларининг реал даромадларини яшириш фактларини аниқлаш, шунингдек, солиқ идоралари ходимлари ўртасида порахўрлик ҳолатларига барҳам бериш вазифасини қўйди.

Бундан ташқари, МХДҚ раҳбари яқинда бозор савдогарлари иштирок этган митинглар ташкилотчиларини топишни топширди. Ташиев ҳаракатлар координаторларини «мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришга уринишлар» қилган «бузғунчи кучлар» деб атади.

ℹ️ Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллардан бери бозор савдогарларини назорат-касса машиналари (НКМ), электрон товар-транспорт қоғозлари (ЭТТҚ) ва электрон-ҳисоб фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишга ундаб келади. Тадбиркорлар янгиликка салбий муносабатда бўлишмоқда – бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

Декабрь ойи бошида Садир Жапаров вазиятни юмшатди ва патент тизимини келаси йилнинг 1 июлигача узайтирди. Бу вақт мобайнида мутасаддилар савдогарларнинг талабларини инобатга олган ҳолда солиқ ислоҳоти бўйича маслаҳатлашувлар ўтказади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати