Қирғизистон МХДҚ раҳбари савдо ўринлари ижара нархини икки баробарга камайтиришни таклиф қилди

Бишкек буюм бозори. itinari.com сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев сотувчилар ҳаётини енгиллаштириш мақсадида бозор эгаларига савдо ўринлари ижара нархини камида икки баробарга камайтиришни таклиф қилди. Хавфсизлик хизмати ходими бу ҳақда Чуй вилояти Аламудун туманида МХДҚ навбатдаги биноси очилишида гапирди, деб ёзади «Клооп».

Ташиевнинг сўзларига кўра, савдо ва бозор мажмуалари эгалари ўз фаолиятидан жуда катта даромад олаётган мамлакатнинг энг бой одамлари ҳисобланади.

«Бироқ, савдогарлар катта миқдорда пул тўлашларига қарамай, аксарият бозорларда оддий шарт-шароитлар яратилмаган», — дея қўшимча қилади махсус хизмат раҳбари.

МХДҚ раҳбари, шунингдек норозилик билдирган савдогарларни провокацияларга берилмасликка чақирди ва «провокаторлар»нинг ўзидан «ижтимоий-иқтисодий масалаларга сиёсий тус бермасликни» талаб қилди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 5 декабрь куни «Дордой» бозорида намойишчилар билан бўлиб ўтган учрашувда бозорлардаги норозилик ҳолатидан давлат тўнтариши учун фойдаланишга уринаётганлар ҳақида гапирганди. Унинг аниқлик киритишича, ҳукуматда уч-тўртта шундай гуруҳ ҳақида маълумотлар бор.

«Кабар» нашрига берган интервьюсида давлат раҳбари бу фикрни кенгайтириб, иш ташлашларда аввал «ноқонуний схемалар»дан фойда кўрган жиноий элементлар иштирок этаётганини айтди.

«Улар бозорларни ўзаро тақсимлаганликлари ва иложи борича кўпроқ одамлар чиқиши учун митингларни мувофиқлаштиришга ҳаракат қилганликлари ҳақида суҳбатлар ёзиб олинган. Улардан баъзилари молиявий ёрдам кўрсатган. Бу фактларнинг барчаси махсус хизматлар томонидан қайд этилган», — деди президент.

Жапаров «провокаторларни» огоҳлантирди, агар улар савдогарларни норозилик намойишларига ундашда давом этсалар, ҳокимият «беш дақиқада бу масалани ҳал қилади» – бозорларда ташқи бошқарувни жорий этади ва имкон қадар тезроқ ревизия ўтказади.

Республика раҳбари ислоҳот мавзусига ҳам тўхталиб ўтди, унинг моҳияти, жумладан, назорат-касса машиналаридан (НКМ) мажбурий фойдаланишдан иборат. Унинг сўзларига кўра, инновациядан мақсад яширин иқтисодиётга қарши курашишдир.

«Масалан, Хитойдан бизга келаётган товарлар ҳажми 14 миллиард долларни ташкил этади, аммо бизнинг статистик маълумотларимизга келсак, бу миқдор 4 миллиард долларга айланади, бу эса яширин иқтисодиёт мавжудлигини англатади. Улар ҳамма нарсани улгуржи сотишади ва солиқ тўламайдилар. Касса тизими жорий этилсагина, мамлакатимизда товар айланмасининг реал ҳажмини аниқлаш мумкин бўлади», — дея хулоса қилди Жапаров.

У мазкур ўзгартиришлар келаси йил 1 июлига қадар кучга кирмаслигини яна бир бор таъкидлади. Бу вақт ичида комплекс эгалари эмас, оддий бозор савдогарлари киритилган махсус комиссия ислоҳотнинг барча тафсилотларини кўриб чиқади. Кейин НКМни жорий қилиш керакми ёки муаммони ҳал қилишнинг бошқа йўлларини излаш ҳақида қарор қабул қиламиз, дея хулоса қилди Қирғизистон раҳбари.

ℹ️ Қирғизистон ҳукумати бир неча йиллардан бери бозор савдогарларини назорат-касса машиналари (НКМ), электрон товар-транспорт қоғозлари (ЭТТҚ) ва электрон-ҳисоб фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишга ундаб келади. Тадбиркорлар янгиликка салбий муносабатда бўлишмоқда – бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати