Қирғизистон президенти Садир Жапаров Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашни Қирғизистон учун устувор вазифа деб атади. Бу ҳақда у 19 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги чиқишида маълум қилди.
«Минтақа [Марказий Осиё] давлатлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш мамлакатимиз учун табиий энг олий устувор вазифадир», — деди Қирғизистон Президенти.
У сўнгги йилларда минтақавий ҳамкорлик «барча йўналишда изчил ривожланиб бораётганини» таъкидлади.
Жапаров Марказий Осиёни ягона геоиқтисодий макон ва халқаро ҳамжамият учун «геосиёсий воситачи» сифатида кўришини таъкидлади. Минтақадаги тўлиқ минтақавий интеграция йўлида давлат чегараларини қонуний расмийлаштиришни якунлаш зарур, деб ҳисоблайди Қирғизистон раҳбари.
У ўтган йил декабрь ойида деярли 30 йиллик музокаралардан сўнг Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида Давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича Битим имзоланганини эслатиб ўтди. «Биз барча қўшниларимиз билан тинчлик, тотувлик ва дўстликда яшашни хоҳлаймиз», – деди президент.
Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ҳар доим зиддиятли масалаларни фақат тинч, дипломатик йўллар билан ҳал этиш тарафдори бўлиб келган. «Биз ҳеч қачон бировнинг ерини тортиб олишга интилмаганмиз, лекин ҳеч кимга она юртимизнинг бир қаричини тортиб олишига йўл қўймаймиз», — деди Жапаров.
Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар икки томонлама муаммо – уларнинг ривожланишига сармоя киритиш ва айни пайтда иқлим ўзгаришига мослашиш зарурати олдида турибди. 2015 йилда эълон қилинган Париж келишуви бўйича йиллик молиялаштириш даражаси энди этарли эмас, бу миқдорни ошириш керак.
«Яна бир муаммо шундаки, иқлимий молиялаштиришнинг катта қисми паст ва ўрта даромадли мамлакатларга кредитлар кўринишида тақдим этилмоқда», — деди Қирғизистон президенти.
Унинг айтишича, у ўз ҳамкорларидан ташқи қарзни экологик лойиҳаларга айирбошлашни сўраган, бироқ аксарият ривожланган давлатлардан жавоб олмаган. «Биргина Германия ҳукумати 15 миллион евро қарзни узди», — дея қўшимча қилади Жапаров.
Глобал иқлим ўзгариши нуқтаи назаридан, тоғли ҳудудлар айниқса заиф. Қирғизистонда тоғлар ҳудуднинг қарийб 94% ни эгаллайди. Марказий Осиёда иқлим ўзгариши музликларнинг интенсив эришига олиб келган. Агар илгари 2050 йилга бориб Қирғизистондаги музликлар майдони икки баравар қисқариши, 2100-йилга келиб эса улар бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкинлиги башорат қилинган бўлса, энди бу тез суратларда содир бўлади, дейишга асос бор.
«Бу бутун минтақада муаммоларнинг кескинлашишига олиб келади: ичимлик суви ва қишлоқ хўжалиги учун сув етишмаслиги, тупроқнинг деградацияси, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид», — дея огоҳлантирди давлат раҳбари халқаро ҳамжамиятни ушбу ва бошқа муаммоларни ҳал қилиш учун кучларни бирлаштиришга чақираркан.
«Биз, БМТга аъзо давлатлар, ўз Ташкилотимизни можароларнинг олдини олиш, муросаларга эришиш, тинчлик ва тотувликни ўрнатиш учун барча ишни қилиш бўйича глобал саъй-ҳаракатлар марказига айлантиришимиз керак», — дея хулоса қилди Қирғизистон Президенти ўз нутқида.