Жапаров ва Путин Қирғизистонда рус тилида ўқитиладиган мактаблар қурилишига старт беришди

ТАСС ВИДЕОКЎРСАТУВИДАН КАДР

1 сентябрь куни Садир Жапаров ва Владимир Путин Қирғизистонда видеоалоқа орқали рус тилида ўқитиладиган учта умумтаълим мактаби қурилишига старт беришди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

2027 йилга бориб Россия Қирғизистоннинг еттита шаҳар ва иккита қишлоғида тўққизта мактаб қуради, деди Путин. У ерда 11 мингдан ортиқ бола таълим олади.

«Янги таълим муассасалари энг илғор технологиялар билан жиҳозланади, бу эса ўқув жараёнини қулай, қизиқарли ўтказишга хизмат қилади. Шу билан бирга, мактаб бинолари барча хавфсизлик стандартларини, шу жумладан Қирғизистоннинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштирилган», — дея Россия Федерацияси президентининг сўзларидан иқтибос келтиради «Российская газета».

Биринчи қўшма мактаблар Бишкек, Боткен ва Қоракўл шаҳарларида қурилади. Яна олтитаси Ўш шаҳри, Чуй, Ўш, Жалолобод, Талас ва Норин вилоятларида пайдо бўлади.

Қирғизистонда рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича ҳукуматлараро келишув шу йилнинг март ойида имзоланган эди.

«Биринчи мактаб 2025 йили очилиши режалаштирилган. У ерда биринчи синфдан ўн биринчи синфгача бўлган болалар ўқиши мумкин», — деди Алексей Оверчук ҳукуматлараро Россия-Қирғизистон комиссияси йиғилишида.

Россия Таълим вазири ўринбосари Денис Грибов Қирғизистонда рус тилидаги таълимга талаб катта, унга қизиқиш ортиб бораётганини таъкидлади.

«Тадқиқотларга кўра, бу мамлакатдаги мактаб ўқувчиларининг 37 фоизи рус тилида таълим олишади. Шунинг учун Россия ҳукумати Қирғизистон Республикасида рус тилида ўқитиладиган мактабларни ривожлантиришга қарор қилди. Қирғизистондаги янги қўшма мактаблар турли миллат ва элат фарзандларини дўстлик, ўзаро тушуниш ва ўзаро ёрдам руҳида тарбиялаш борасидаги ишларни давом эттиради. Қирғиз болалари нафақат рус тилида таълим оладилар, балки рус анъаналари, маданияти, маънавий-ахлоқий қадриятлари билан ҳам яқиндан танишадилар. Мактабларнинг ўзи эса Қирғизистон Республикасида рус тилини тарғиб қилиш бўйича услубий ва ўқув марказларига айланади», — деди Грибов.

Унга кўра, тўққизта мактабнинг барчаси замонавий жиҳозлар билан таъминланади.

«Ҳар бир таълим муассасасида дарс ўтиш учун 68 та синф бўлади. Россиядан ҳам, Қирғизистондан ҳам ўқитувчилар дарс беради. Ўқув жараёнининг асоси миллий-маданий компонентлар, она тили, адабиёт ва тарихнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда тўлдириладиган Россия Федерацияси стандарти бўлади», — деди вазир ўринбосари.

Қўшма мактаблар битирувчилари рус ва қирғиз тили сертификатларини олади.

Россия Федерацияси Президенти Администрациясининг минтақалараро ва хорижий давлатлар билан маданий алоқалар бўлими бошлиғи Игорь Масловнинг сўзларига кўра, ҳар бир мактаб 1200 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, барча замонавий стандартларга жавоб беради – зарур жиҳозларнинг тўлиқ тўпламидан тортиб, ҳар бирида иккита бассейн ва футбол майдончаси мавжуд бўлган спорт базасига эга бўлади.

Қирғизистонда тўққизта мактаб қурилиши учун Россия бюджетдан грант тариқасида 500 миллион долларга яқин маблағ ажратади.

Бундан олдин Тожикистонда ҳам худди шундай лойиҳа амалга оширилганди: Россия кўмагида ўтган йил кузида бешта мактаб – Душанбе, Кўлоб, Хўжанд, Бохтар ва Турсунзода шаҳарларида қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Ҳар бир таълим муассасаси 1200 ўқувчига мўлжалланган. 2021 йил ноябрь ойида РФ ҳукумати Тожикистонда мактаблар қуриш ва барча зарур нарсалар билан жиҳозлаш учун 150 миллион доллар ажратди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ