Қирғизистон Табиий ресурслар вазирлигининг собиқ раҳбари Динара Кутманова коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди

Динара Кутманова. For.kg сайти фотосурати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари собиқ Табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири Динара Қутмановани қўлга олиб, тергов изоляторига жойлаштирди. Бу ҳақда 25 июль куни қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида таъкидланганидек, собиқ амалдор «Табиий ресурслар вазирлигидаги коррупция фактларининг асосий ғоявий руҳлантирувчиси ва асосий ташкилотчиси» ҳисобланган. Тергов органлари томонидан қўлга олинган шахс давлат бюджетидан ноқонуний равишда пул ўмариш билан шуғуллангани аниқланган.

«Динара Қутманова вазир лавозимида ўзига берилган барча ваколатларга эга бўлган ҳолда, олий ҳокимият томонидан билдирилган ишончга қарамай, шахсий амбициялари ва ғаразли манфаатларини кўзлаб, ажратилган давлат пулларини ноқонуний олиб чиқиб кетиш бўйича кенг кўламли коррупция тармоғини ташкил қилган», — дейилади хабарда.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотларига кўра, собиқ вазир нафақат қўл остидаги ходимларни, балки қариндошларини (ўғли ва синглисини), яқин атрофидагиларни (уй бекаси, ўғлининг дугонаси ва бошқаларни) ҳам табиатни муҳофаза қилиш ва экология соҳасидаги уйдирма лойиҳаларни молиялаштириш учун сохта аризалар беришга жалб қилган.

МХДҚ 2021 йилдан Қирғизистонда табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун ҳар йили 325 миллион сўм (3,7 миллион доллар) ажратилишини эслатади. Уч йил давомида жами молиялаштириш ҳажми 969,5 миллион сўмни ташкил этган. Уларнинг 789,5 миллиони «Табиатни ривожлантириш жамғармаси» томонидан жисмоний ва юридик шахсларга табиатни муҳофаза қилиш ва асраш бўйича 110 та лойиҳа доирасида берилган.

Текширув давомида жамғарма фаолиятида ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, мазкур жамғарма, Табиат вазирлиги ва «Хўжаев» хусусий тадбиркор (Қутманованинг ўғлининг яқин дўсти) ўртасида олдиндан келишилган ҳолда, тендер ўтказмасдан, жами 34 миллион сўмлик 1000 дона махсус кийим-кечак етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузилгани аниқланган. Қирғизистон Савдо-саноат палатаси экспертиза хулосасига кўра, мамлакат бозорларида жами комбинезонлар нархи 11 миллион сўмдан ошмайди, 23 миллион сўм миқдоридаги фарқ Динара Қутманованинг оиласи томонидан ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, Қутманова комиссия аъзоларига «комиссия йиғилишини уларнинг иштирокисиз расман ўтказиш мақсадида молиялаштириш лойиҳаларини танлаш»га босим ўтказгани аниқланган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг аниқлик киритишича, ҳозирда Қутманова иши бўйича 9 киши, жумладан собиқ вазирнинг икки собиқ ўринбосари ҳам айбланувчи сифатида жалб этилган. Собиқ амалдорнинг ўғли халқаро қидирувда бўлиб, уни Туркиядан депортация қилиш чоралари кўрилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ