Алмазбек Атамбаев Қирғизистон президенти бўлганида оммавий ахборот воситалари устидан судга мурожаат қилганидан афсусда эканини билдирди. 14 февраль куни Молдовановкадаги 27-колония яқинида йиғилганлар билан гаплашар экан, у ўзининг жиноий ишларини ёритган ОАВ нашрларига миннатдорчилик билдирди.
«Журналистларимиздан миннатдорман. Биламан, деярли барча нарса холис ёритилган, шу жумладан, ўша пайтда мен судга берган ОАВ томонидан ҳам. Журналистлардан, нашрлардан миннатдорман.
Матбуот эркинлиги бўлиши керак. Ўйлайманки, ўша пайтда мен катта хатога йўл қўйганман. Мен судга мурожаат қилганимда президент эканлигимни ҳисобга олмадим. Президентларни судга бериб бўлмайди, чунки бизнинг судларимиз, амин бўлдимки, кучлилар фойдасига ҳукм чиқаришади», — деб тан олди Атамбаев.
Атамбаев 2011 йил 1 декабрдан 2017 йил 24 ноябргача президентлик лавозимида ишлаган. Бу лавозимда у бир неча бор оммавий ахборот воситалари фаолиятини танқид қилган, маҳаллий журналистлар ҳақида ҳақоратомуз сўзларга йўл қўйган, уларни «туҳматчилар» деб атаган.
Хусусан, Zanoza (ҳозирда – Kaktus.media) нашрига қарши Атамбаев номидан бешта даъво қўзғатилиб, ғолиб чиққан, собиқ президентга тўланган товон пулининг умумий миқдори 40 миллион сўмдан (584 минг доллар) ошган. Шунингдек, у бошқа нашрларни, жумладан «Азаттик» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) ва 24 kg ахборот агентлигини судга берган.
Атамбаев давридаги «Фарғона» ахборот агентлиги сайти икки марта, 2012 ва 2017 йилларда блокланган. 2011 йил июнь ойида Қирғизистон парламенти 2010 йили Ўшда содир бўлган фожиали воқеалар ҳақидаги нашрлар туфайли нашримизни ёпишга қарор қилган. Орадан етти ой ўтиб, февраль ойида Қирғизистоннинг бир қатор интернет провайдерлари сайтни блоклашни бошлаган. Аксил жараён апрель ойида, суд «Фарғона» ахборот агентлигини блоклаш бўйича даъво муддати ўтгани сабабли ишни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарганидан сўнг бошланган.
2017 йил июнь ойида Қирғизистон Бош прокуратураси сўровига кўра «Фарғона»га кириш тақиқланган эди, зеро у штатсиз мухбир Улуғбек Бобоқуловнинг ижтимоий тармоқлар орқали озчилик ўзбекларга қарши қатағонлар қўллаш ҳақидаги чақириқларга қарши махсус хизматларнинг бепарволик қилаётганига доир мақоласини экстремистик материал деб тан олганди. Журналистга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
ℹ️ Атамбаев президентликдан кетганидан кўп ўтмай, унга нисбатан бир қатор жиноий ишлар қўзғатилган. 2020 йил июнь ойида Атамбаев криминал олами авторитети Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилиши ишида коррупцияда айбдор деб топилиб, 11 йилу икки ойга озодликдан маҳрум этилди. Жорий йил 13 февралида Қирғизистон Олий суди янги аниқланган ҳолатлар туфайли ҳукмни бекор қилди, эртаси куни Атамбаев озодликка чиқди. Kaktus.media хабарига кўра, у Дубайга учиб кетган, у ердан эса Испанияга кетмоқчи.