Қирғизистон ҳукумати мамлакат ҳудудида 300 МВт қувватга эга атом электр станциясини қуриш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда 8 февраль куни Бишкекда бўлиб ўтган давра суҳбатида Энергетика вазири ўринбосари Сабирбек Султонбеков маълум қилди, деб ёзади 24.kg.
Султонбековнинг эслатишича, 2022 йили Қирғизистон «Росатом» билан ҳар бири 50 МВт қувватга эга иккита атом электр станциясини қуриш масаласини муҳокама қилган.
«Аммо биз шундай хулосага келдикки, бундай куч ҳеч нарсани ҳал қилмайди, уни ошириш керак. Агар биз атом электр станциясини қурсак, унинг қуввати камида 300 мегаватт бўлиши керак. Бу кичик атом электр станциялари учун энг юқори чегара ҳисобланади. Буни халқ билан муҳокама қилганимиздан кейин қуришимиз мумкин», — деб тушунтирди вазир ўринбосари.
Султонбековнинг айтишича, атом энергетикаси гидроэнергетикага муқобил бўлиши керак.
«Биз сув тақчиллиги даврини бошдан кечирмоқдамиз, вазиятдан чиқаяпмиз, аммо тақчиллик бизни электр энергиясини сотиб олишга мажбур қиляпти. Ўтган йили Қозоғистон ва Туркманистондан қарийб 2,7 миллиард кВт/соат электр энергияси импорт қилдик. Бизда табиий шароитга боғлиқ бўлмаган муқобил электр манбаи бўлиши керак. Ва бу муқобил вариант — атом энергетикасидир», — дея мулозим сўзларидан иқтибос келтиради Kaktus.media.
Қирғизистоннинг атом электр станциясини қуриш режалари ўтган йил январь ойида маълум бўлган эди. Ноябрь ойида Республика Энергетика вазирлиги ва «Росатом» корпорацияси АЭС қурилиши лойиҳасини дастлабки ўрганиш бўйича техник топшириқларни имзолади.
Энергетика вазирлиги Қирғизистон томони «Росатом» томонидан таклиф этилаётган технологиялар ва уларнинг хавфсизлиги, жумладан, экологик технологияларни ўрганишига, зарур кўп томонлама экспертизадан ўтказилишига ҳамда АЭС қуриш бўйича қарор жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилинишига ишонтирди.
«Атом электр станциялари атроф-муҳитни ифлослантирмайди. Ядро энергетикаси углеводородларни ёқишни талаб қилмайди, яъни у атмосферага жуда оз миқдорда карбонат ангидридни чиқаради. Ядро энергетикасида ишлатиладиган хом ашё тўлиқ ёнмайди. Бу чиқиндиларни қайта ишлатиш мумкинлигини кўрсатади. Унинг асосида чиқиндисиз ишлаб чиқаришни таъминлаш мумкин. Ҳозирги вақтда атом электр станциялари яшил энергиянинг асоси ҳисобланади.
Ривожланган мамлакатларда атом электр станцияларига энергетика, иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш горизонти сифатида қаралмоқда. Улар энергетик мустақилликни ҳам мустаҳкамлайди», — дейди Энергетика вазирлиги масъуллари.
40 дан ортиқ ташкилотни бирлаштирувчи «Қирғизистон Яшил альянси» атом электр станцияси қурилиши аҳоли ҳаёти ва саломатлигига хавф солмаслигига доир фикрларга эътироз билдирди. Минтақада кучайиб бораётган зиддият, ҳудуднинг сейсмик хавфи ва табиий офатлар туфайли АЭСнинг тўлиқ хавфсизлигини таъминлашнинг иложи йўқ. «Шунингдек, атом электр станциясининг қурилиши Қирғизистонни станцияга хизмат кўрсатадиган давлатга сиёсий жиҳатдан қарам қилади», — дея таъкидлайди алянсдагилар.
Ҳозирда Марказий Осиё мамлакатларида бирорта ҳам атом электр станцияси ишламайди, бироқ Қозоғистон ва Ўзбекистон бир неча йиллардан буён бундай станцияларни қуриш масаласи устида ишламоқда ва уларнинг жойлашуви ҳақида деярли бир қарорга келган.