Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш халқаро ташкилотга айлантирилади

akorda.kz сайти фотосурати

Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити (ОҲИЧК) иштирокчилари форумни халқаро ташкилотга айлантириш тўғрисидаги баёнотни қабул қилди. Бу ҳақда Остонада саммитга раислик қилаётган Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб ёзади Forbes.kz.

У йиғилиш ташкил этилганидан буён аъзо давлатлар бешта олий даражадаги учрашувлар ва олтита вазирлар учрашуви ўтказганини, шу тариқа ОҲИЧК фаол сиёсий қўллаб-қувватланаётганини эслатди. Ташкилотга турли вақтларда Қозоғистон, Туркия, Хитой ва Тожикистон раислик қилган.

«Сўнгги раисликдан 10 йил ўтиб Қозоғистон ҳозирги раислигида бир қатор амбицияли устувор вазифаларни белгилаб олди, улар асосида ОҲИЧКни тўлақонли халқаро ташкилотга айлантириш ётади. Биз ташкилотимизни бир-бирининг манфаатларини ўзаро ҳурмат қилиш тамойилларига асосланган Осиё хавфсизлик тизимининг муҳим таркибий қисми деб биламиз. Осиёдаги хавфсизлик глобал хавфсизлик учун замин яратади»,деди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Унинг таъкидлашича, ОҲИЧКнинг минтақавий сиёсий мулоқот платформаси сифатида етуклиги ва самарадорлиги уни янада ўзгартириш учун бошланғич нуқта бўлиб хизмат қилади. Аъзо давлатлар ушбу масалани бир неча бор муҳокама қилган ва ОҲИЧК ташкилот сифатида амалда фаолият юритаётганига принципиал жиҳатдан рози бўлган.

«Таъкидламоқчиманки, биз янги ташкилот яратмаяпмиз, балки институционал ривожланишнинг янги босқичига ўтмоқдамиз. Конференция мақомини ошириш Осиёнинг жаҳон ишларидаги ортиб бораётган ролини кучайтиради ва аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади», — деди Тўқаев.

ОҲИЧК матбуот хизматининг ТАССга маълум қилишича, гап форум мақомини ўзгартириш ва уни халқаро ташкилотга айлантириш ҳақида бормоқда.

ОҲИЧК Қозоғистон ташаббуси билан 1992 йилда ташкил этилган. Форум мулоқот учун шароит яратиш, Осиёда хавфсизликни таъминлаш соҳасида қарорлар қабул қилиш ва чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган. 13 октябрдан буён ОҲИЧКга 28 давлат аъзоси ҳисобланади, Остонадаги саммитда иштирокчилар Қувайтнинг уюшмага аъзо бўлиш аризасини қўллаб-қувватладилар. Тўққиз давлат ва беш халқаро ташкилот кузатувчи мақомига эга. 2014 йилдан буён форумнинг бош қароргоҳи Қозоғистон пойтахтида жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ