Қирғизистон Тожикистондаги КХШТ машғулотларида қатнашишдан бош тортди

КХШТ машғулоти. jscsto.org сайти фотосурати

Қирғизистон ҳарбий контингенти икки давлат ўртасидаги ҳарбий можаро туфайли Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг (КХШТ) «Чегара – 2022» ўқув машғулотларида иштирок этмайди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов маълум қилди, дея хабар беради РИА.

«Бизда КХШТга мутлақо дахлсиз аъзолик бор, бизнинг ушбу ташкилот билан, мандат билан, миссия билан, низом билан боғлиқ муаммоларимиз йўқ. Лекин, албатта, сўнгги воқеаларни ҳисобга олсак, «тўкилган қон ҳали совушга улгурмаган». Вазият шундай ривожландики, Қирғизистон жамоатчилиги бизнинг тожик қўшниларимиз қуролли бўлинмаларининг ушбу машғулотларда қатнашишини олқишламайди», — дея изоҳлади Байсалов Қирғизистон расмийларининг қарорини.

2020 йилдан бошлаб КХШТнинг «Чегара-2022» қўшма машғулотларида ташкилотга аъзо бўлган Марказий Осиё минтақаси давлатларининг ҳарбий бўлинмалари, қўшма штаб-квартирасининг тезкор гуруҳлари ва КХШТ котибияти 17-21 октябрь кунлари Душанбедан 140 километр жанубда жойлашган Харбмайдон полигонида иштирок этиши режалаштирилган эди. Иштирокчиларнинг умумий сони мингга яқин кишини ҳамда 300 дан ортиқ ҳарбий ва махсус техника, жумладан, самолётлар, вертолётлар ва учувчисиз учиш аппаратларини ташкил этади.

Аввалроқ, 7 октябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров бандлик важи билан Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатларининг норасмий саммитида иштирок этишдан бош тортган эди. Шундан сўнг, 9 октябрь куни Қирғизистон Мудофаа вазирлиги 10-14 октябрь кунлари Балиқчи шаҳридаги «Эдельвейс» ўқув марказида ўтказилиши керак бўлган КХШТнинг «Бузилмас биродарлик – 2022» машғулотлари бекор қилинганини маълум қилди. Бекор қилиш сабаблари ҳақида хабар берилмаган.

Эртаси куни Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гулнора-Клара Самат Россия Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди ва у билан «икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, КХШТ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди». Россия ТИВда таъкидланганидек, суҳбат чоғида томонлар Россия ва Қирғизистон муносабатларининг иттифоқчилик характерига содиқлигини тасдиқладилар.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбий хизматчилари ўртасидаги сўнгги қуролли тўқнашув 16 сентябрь куни бошланган: умумий чегаранинг бир нечта участкаларида бирданига отишмалар бошланган. Икки кун давом этган тўқнашувлар оқибатида ҳар икки томондан кўплаб қурбонлар ва жароҳат олганлар бўлди. Икки республика ҳукумати бир-бирини қуролли босқинчиликда айблади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ